МОДДИЯТ ИЛИНЖИ

17

Маҳси сотувчиси: «Булар ибодат учун энг қулай маҳсилар» дея реклама беради. Лекин чиндан ҳам қулайми йўқми, масҳ тортиш шартларига тўғри келадими ёки йўқми, бунисини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Тасбеҳ сотувчиси эса: «Ўзингизни жаҳаннам азобидан зикр билан қутқаринг» дея одамларнинг эътиқодидан фойдаланиб, уларни ўзига қаратишга уринади.

Яна бири, Исломда оила мустаҳкамлигига катта эътибор қилинганини, эр-хотин бир-бирига яхши муомала қилиши лозимлигини эслатиб, жинсий қувватни ва рағбатни оширувчи дорини кўтариб чиқади.

Шу ва шунга ўхшаш эълонларни охирги вақтларда жуда кўп учратяпмиз. Дунёга алданиб Аллоҳнинг марҳаматидан узоқлашмаслик учун бизга Роббимиз томонидан нозил қилинган бу муборак динимизни ҳам, моддий манфаатимиз учун восита қилиб юборяпмиз. Энг ёмони, бу ишни қўрқмай, иккиланмай қиляпмиз. Азизлар, эҳтиёт бўлайлик! Бунақа енгилтаклик билан динимизни ҳам ўйинчоқ қилиб, мақсад фақат пул топиш ёки машҳурлик бўлиб қолишидан сақланайлик. Баъзилар бу гапларни эшитиб: «Дунёда савдонинг янгича тури шунақа, стандарт шунақа» дейишади. Шуни билиб қўйингки, “стандарт”га эргашиб бораверсангиз, “стандарт”ни қўйганлар билан бирга бўласиз. Аллоҳ таоло қўйган стандарт (дин)да бўлишлигимиз лозимдир.

Ҳар бир ишда тафаккур лозим!

Гадаев Рамазон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти