“Оммавий маданият” ниқоби остидаги маънавий ва ахлоқий бузуқликдан эҳтиёт бўлинг!

17

Кейинги пайтларда “оммавий маданият” ниқоби остида бутун дунёга кенг тарқалаётган маънавий ва ахлоқий бузуқлик ёшларимизнинг дунёқарашига ҳам жиддий хавф солмоқда. Ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм каби ёт ва бузғунчи ғояларни интернет орқали ёшлар онгига сингдиришга уриниш кучайиб бормоқда. Йигит-қизларимизни уларнинг таъсиридан асрашимиз керак. Шу боис маҳаллаларда бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни атрофлича таҳлил қила оладиган мутахассисларни жалб этган ҳолда ёшлар учун ўқув соатлари ташкил этиш  лозим. Токи, бундай тадбирлар миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган ғоя ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб берсин. Бу эса ёшларимизнинг қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади.

Фарзандлар жамиятда ўзларига мос ўринларни эгаллашлари, комил инсон бўлиб етишишлари йўлида ижтимоий тарбия масъулиятига катта аҳамият бериш лозим.  Болага ўргатиш лозим бўлган одоблардан кўришганда салом бериш, бемор бўлса хабар олиш, чақирганда жавоб бериш, вақти -вақти билан совғалар бериш ва ҳоказолар. Энг муҳими болаларга жамият билан боғлиқ алоқаларга оид оммавий, ижтимоий  одобларни ҳам ўргатиб бориш лозим.

Бугун гўзал юртимизда фарзандлар  бахтиёр ҳаёт кечиришмоқда. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларни ҳар томонлама етук, билимли, доно ва жамиятга манфаати тегадиган қилиб тарбиялаш керак.

Бугун ҳар бир ёш болага   вақтида тарбия, одоб — ахлоқ ўргатиш юртга, халқга бўлган муҳаббатини уйғотиш, энг муҳими илмли қилиб тарбиялаш, токи ўзи мустақил фикрга эга бўлиб,  мафкуравий иммунитети шакиллангунга қадар ота — онаси, устозлари ва маҳалладаги нуронийлар томонидан доимо назорат қилиб турилиши керак. Зеро, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг барчангиз бир кемага чиққан йўловчиларга ўхшайсизлар. Агар ораларингиздан бир телба қўлига болта олиб, кемани чопа бошласа ва сизлар лоқайдлик қилиб уни тўхтатмасангизлар барчангиз сувга ғарқ бўласизлар. Агарда уни бу ишдан қайтарсангизлар барчангиз омон қоласизлар” деганлар.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари