Шайтон ўқларининг энг заҳарлиси
18

Кўз – Аллоҳ қудратининг бир нишонаси. Бу қимматбаҳо неъматни доим қадрига етавермаймиз. Аслида, кўзлар ҳалол нарсаларга қараш ва ҳалол нарсаларни кўриш учун берилган. Унинг вазифаси шу. Лекин ҳозирги кунда у асл вазифасини бажармаяпти.
Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг шундай сўзлари бор: “Инсоний кўзлар вақтики бежўя бўлиб кетса, барча фитналарга ҳамда уят ишларга пойдевор бўлади”. Яъни, бу икки сувлик аъзо киши қараши мумкин бўлмаган нарсаларга қараса, бу барча ёмонликларни келтириб чиқарадиган манбага айланиб қолади. Бугунги кунга келиб барчамизда ҳаё камайиб бормоқда. Кўчага чиқсақ, очиқ-сочиқ кийинадиганлар сон мингта. Елка очиқ, тизза очиқ қизларни қидиришни ҳожати йўқ.
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қиладики, “Сен (эй, Муҳаммад) мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун поқдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир.” (Нур сураси, 30 оят)
Пайғамбаримиз, бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир одам боласига зинодан бир улуш ёзган. Кўзнинг зиноси номаҳрам аёлнинг аврат жойларига қараш билан, қулоқ зиноси шаҳвоний сўзларни эшитиш билан, тил зиноси гаплашиш билан, қўл зиноси номаҳрамни ё ҳаром нарсаларни ушлаш билан бўлади. Нафс шу зинони бир куни қилади деб, албатта, кутиб туради. Аммо фарж шу нарсани ё тасдиқлайди ёки инкор этади”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Кўз зиноси бу шайтон ўқларининг ичида энг заҳарлангани, бир кун келиб ҳалок қилади. Шаҳвоний кўз ҳеч қачон номаҳрамга қарашдан тўймайди. Бир марта қарасам бўлди, бошқа қарамайман десангиз ҳам шайтон яна қарашга ундайди. Чунки сизни йўлдан оздириш учун у хунук қизни ҳам сизга чиройли қилиб кўрсатади. Зино қилишга хоҳишнинг биринчи қадами кўз зиносидан бошланади. Эрта маҳалламизда икки кун сув бўлмайди деб эълон беришса, беш юз литрли идишда сув олиб келиб қўйсангиз, аммо бу идишингиз қорнида иккита кичкина тешик бўлса, барча сув бир кунга етмасдан тугаб қолади. Энди, ибодатларимизни вақтида бажариб, савобли ишларни қилсак-у, номаҳрамларга қарашдан ўзимизни ва кўзимизни тўхтатмасак, барча қилган амалларимиз, ҳамма савобларимиз ана шу бош миямизда жойлашган иккита тешикдан тўкилиб кетади. Шариатда уч дирҳам учун қўл кесилган. Чунки Аллоҳ берган қўл ўз вазифасини бажармасдан нотўғри йўлга кириб ўғрилик қилгани учун. Шундай экан, кўзимиз ҳам ўз вазифасини аъло даражада бажарса иншооллоҳ охиратимиз обод бўлади.
Пайғамбаримиз шундай дедилар: “Қиёмат куни барча кўзлар йиғлайди, аммо уч хил кўз бундан мустасно: биринчиси, кечалари туриб эрталабгача роббисига ибодат қилган кўз; иккинчиси, бу дунёда Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз: учинчиси, Худодан қўрқиб у ҳаром қилган, ҳаром деган нарсаларга қарамаган кўз”. Аллоҳ таоло барчаларимизни икки дунёда саодатли бандаларидан қилиб, кўзларимизни Ўз дийдорига мушарраф қилсин…..!
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
