Ҳар биримиз масъулмиз

18

Дунё яралибдики, тинчлик-осойишталик инсоният учун тенгсиз неъмат бўлиб келмоқда. Чунки, биринчи  галда осуда ҳаёт, яратувчан меҳнат ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ.

Аммо азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига рахна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири эса диний ақидапарастлик ва терроризмдир. Бу балою офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ХХI асрга келиб, ўзининг жирканч қиёфасини  намоён эта бошлади.

Айни пайтда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли диний экстремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига рахна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Ақидапарастлик, терроризм, экстремизм каби иллатлар  Қуръон оятлари ва ҳадисларда “фасод” — “бузғунчилик”, “ғулу”, “чуқур кетиш”, “унф”— “зўравонлик” сингари иборалар билан ифода этилади.

Демак, ислом таълимотида бу борада муносабат белгиланган. Динда ўртача йўл тутиш тамойилидан четга чиқиш юқоридаги номлар билан аталиб, диндан оғиш сифатида қаралади.

Муслим ривоятига кўра, Пайғамбар (с.а.в.) “Ўртачалик чегарасидан чиққанлар ҳалокатга учрабдилар” деб уч марта айтган эканлар.

Ҳозирги кунимизда зўравонлик, ақидапарастлик каби тушунчалар терроризм ва экстремизм сифатида аталади. Халқаро ислом ташкилотлари ушбу ибораларга таъриф беришиб, Қуръони каримда зикр этилган бузғунчиликларнинг уларга мос эканлигини кўрсатишади.

Мазкур гуруҳларнинг даъволарига эътибор қаратадиган бўлсак, “Ҳизб ат-таҳрир” халифалик бошқарувини ўрнатишни даъво қилса, “Ваҳҳобийлар” илк ислом даврига қайтиш ғоясини илгари сурадилар, “ИШИД” тўдаси эса бутун дунёни ислом давлатига айлантиришни даъво қилади. Кўриниб турибдики, гуруҳлар ақидада фарқ қилувчи  ғояларга эга. Демак, уларнинг ортида хуфёна мақсад ётади.

Агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига рахна сола олмайди. Бу жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий вазифадир.

 

Азамат УСМОНОВ