ТЕРРОРИЗМ — ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
17Инсоният тарихи жараёнида турли ақидапараст ва диний мутаассибона ғояларнинг на исломга, на бирор — бир диний таълимотга ва на ҳаётий ҳақиқатга мос келмайдиган ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.
Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўл ва қилаётган ишлари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.
Айниқса, баъзи шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда амалга оширишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан қилинаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари орасида кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда.
Ҳозирги кунда инсонларнинг тинч ва осойишта ҳаёти ҳамда хотиржамлигига раҳна солиб турувчи террорчилик ҳаракатлари баьзи ерларда учраб турибди. Террорчиларнинг тутган йўллари ҳар-хил бўлсада қилаётган ишлари бир хил, яъни, одамларнинг тинч турмуш тарзини издан чиқариб, қўрқув остида яшашга мажбурлашдир. Дунё цивилизацияси ривожланиши, шунингдек, янги техник воситалардан фойдаланиб, кун сайин ўзининг қабиҳ, даҳшатли кураш усулларини кучайтириб бормоқдалар.
Терроризмнинг хунук окибатларидан энг ачинарлиси шуки, бутун дунёни тинчлик ва меҳрибонликка, одамларни раҳм-шафқат ва адолатли бўлишга буюрадиган ислом динининг пок номини булғаб, унга зид бўлган бузғунчиликларни “ислом ниқоби” остида амалга оширилишидир. “Ислом” ва “Террор” сўзларини ёнма — ён ишлатилиши мумкин эмас. Нафақат ислом, балки самовий динларнинг биронтаси зўравонликни, зулмни оқламайди ва қўллаб — қувватламайди.
Халқимизнинг табиатига мутлақо ёт бўлган сиёсий, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа бузғунчи оқимларнинг хуружи ва тарқалиши тинчлик ва осойишталикка, фарзандлар келажагига катта хавф туғдириши бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Дин инсон руҳини поклаши, одамлар ўртасида меҳр оқибат туйғуларини мустаҳкамлаши, миллий қадрият ва аньаналарни асрашга хизмат килиши билан ҳар қандай жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айникса, инсоният мураккаб тараққиёт жараёнини бошидан кечираётган ҳозирги даврда диннинг турли халқлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, уларни маьнавий жиҳатдан яқинлаштириш, зулм ва зўравонликка қарши биргаликда даьват этиш борасидаги аҳамияти беқиёсдир. Бизнинг ислом динига бўлган ихлосимиз, эьтиқодимиз ва садоқатимизни бутун жахон аҳли кўриб билиб турибди.
Сўнгги йилларга келиб турли минтақаларда ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган манфур кимсалар ва тоифалар пайдо бўлди. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, нохақ қон тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олишига, халқ тинчлиги бузилиб, икки дунё саодатига, эзгуликга етакловчи ислом динига зарар етказиб, мусулмонлар орасида низо чикариб, нифоқ солишга ҳаракат қилаётганлари жаҳон афкор оммасига сир эмас. Улар ўзларини “Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа” деб эьлон қилган ҳолда бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар ҳамда қанчадан қанча юртларни вайрон этмокдалар. Энг ачинарлиси улар ўзларининг бузғунчи ҳаракатларини асослаш учун муқаддас Қурьони каримни нотўғри талқин қилиб, ўз мақсадлари йўлида диндан фойдаланиб, одамларни йўлдан оздиришга уринмоқдалар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло деди: “Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Шу боис бир-бирингизга зулм қилмангиз!”
Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, дин доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларни тарбия қилувчи ҳамда илм олишга, ёшлар тарбиясига эьтиборли бўлишга тарғиб қилувчи омил сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади. Айни пайтда адоват, бошқалар мол мулкига тажовуз килиш, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узокда бўлишга чақиради. Уммат йўлбошчиси пайғамбаримиз ҳеч қачон бировларнинг ерларини, уй-жойларини босиб олиб, ноҳақ бировга зулм қилмаганлар балки зулм қилишдан инсонларни қайтарганлар.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
