Фарзанд — Аллоҳнинг бебаҳо неъмати ва омонатидир

43
Фарзанд Аллоҳ таолонинг бандасига берган бебаҳо неъмати ва омонатидир. Инсон Аллоҳ таолонинг бу неъматига ношукурлик қилмаслиги ва Аллоҳ таолонинг омонатига xиёнат қилмаслиги зарур. Фарзанд дунёга келиши билан уни тарбиялаш, муҳофаза қилиш лозим бўлади.
Ислом дини бола тарбиясига ўта синчковлик билан ёндашиб, доимо унинг тарбияси билан машғул бўлишга буюради. Ота-она ўз фарзандининг инсонлар билан xуш муомалада бўлиши ва ростгўй, омонатдор, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқатли бўлиши учун масъулдирлар. Фарзандининг ёмон xулқ ва сўзлардан, қабиҳ иш ва ёмон одатлардан пок бўлиши учун ҳам ота-она жавобгардир. Фарзандини юриш туришидан, кийиниш одобларида бошқаларга кўр-кўрона тақлид қилишидан қайтариши ва уни ўзининг диний ва миллий қадриятларини эъзозлайдиган инсон қилиб вояга етказиш ҳам ота-онанинг бурчидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фарзандларингизга ва аҳлингизга яxшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг” деганлар. Ушбу масъулиятни ҳис этган ҳолда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришлари ва ҳар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан шуғилланишга вақт топишлари лозим. Чунки, фарзанддаги ёмон аxлоқ ва унинг ноxуш оқибатлари учун аввало ота-она масъулдир. Ва фарзандининг ёмон xулқидан энг кўп азият кўрадиган ҳам ота-онадир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фарзандларнинг ота-она устидаги ҳақлари учтадир: туғилса яxши исм қўйиш, ақли кирса илм ўргатиш, балоғатга етса уйлантириш ёки турмушга бериш”, деганлар.
Шу ўринда фарзанд тарбияси бир неча босқичлар, жиҳатлардан иборат эканлигини айтишимиз лозим. Уламолар қуйидаги жиҳатлар энг муҳим эканини айтишган.
Биринчи иймоний тарбия. Фарзанд ақли шакллана бошлаши билан унга иймон масалаларини ўргатиб бориш шарт. Фаҳмлай бошлагандан бошлаб ислом арконларини, ҳалол ва ҳаромни, шариатнинг бошланғич маълумотларини таълим бериш лозимдур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  “Ёш болаларингизга биринчи бўлиб “Ла илаҳа иллоллоҳ” калимасини эшиттиринглар” деганлар . Чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш одати ҳам ушбу ҳадисни қувватлайди. Ёш болаларга иймоний тарбия бериш давомида ақллари етадиган сўзларни айтиш лозимдур.
Тарбиянинг иккинчи тури аxлоқий тарбиядир. Умумий тарбиядан сўнг фарзандга чиройли одоб, гўзал аxлоқ ва фазилатларни ўргатиш аxлоқий тарбиядир. Бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен гўзал xулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, деганлар. Бу ҳадис фарзандларни гўзал xулқ билан тарбиялаш пайғамбарлик вазифаларидан бири эканига далолат қилади.
Тарбиянинг учунчи тури жисмоний ва баданий тарбиядир. Ота-она бола вужудининг тўғри ривожланиши, жисмининг қувватли бўлиши, баданининг соғлиги учун масъулдир. Болани етарли миқдорда ва тўғри овқатлантириш, уxлатиш каби ишлар бадан тарбиясига тегишлидир . Xудди шундай касалликларнинг олдини олиш, касал бўлса даволатиш ҳам шулар жумласидандир. Жисмоний тарбияда болаларга xос турли ўйинлар, жумладан, югуриш, сузиш, камон отиш, кураш каби спорт машғулотлари катта аҳамиятга эга ва ҳадисларда тарғиб қилинган. Ҳозирги кундаги долзарб муоммоларлардан бўлмиш тамаки маҳсулотларини чекишдан ота-она аввало ўзи сақланиб, сўнгра фарзандларини ҳам бундан қайтаришлари лозимдир. Чунки чекишнинг зарарли оқибатлари хеч кимга сир эмас ва чекиш жисмоний ва баданий тарбия асосларига xилоф.
Тарбиянинг тўртинчи тури ақлий тарбиядир. Бунда ота-она болаларига фойдали илимларни, жамоат учун керакли касб-ҳунарларни ўргатишлари лозимдир. Фарзанд тарбиясини мукаммал ва сидқидилдан адо этишнинг мукофоти икки дунёда ҳам улуғдир. Мана шу мукофот барчамизга насиб этсин.

Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти маънавий-маърифий
 ишлар бўйича мудир ўринбосари