Комил мўминлик сифатлари
40

Бизларни Ўзига иймон келтиришга мушарраф қилган ва неъматини батамом қилиб, Исломни дин деб рози бўлган Аллоҳ таолога У Зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Бизларга оламларнинг Роббисидан Ислом ва Иймон ҳақидаги таълимотларни етказган ва шахсий намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловоту саломлар бўлсин!
Биз сиз билан бу мавзуга киришишдан аввал «иймон» ўзи нима эканлиги яьни унинг луғавий ҳамда истилоҳий маьнолари қандай эканлиги билан яқиндан танишиб чиқмоқликни лозим топдик.
«Иймон» луғатда «ишонч», «тасдиқ» маъноларини билдиради. Шариатда эса, бир нарсани тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва амал билан тамомлаб, камолга етказишдир. Аҳли сунна ва жамоанинг барчалари–муҳаддислар ҳам, фуқаҳолар ҳам, ақийда илми уламолари ҳам иттифоқ қилишиб: «Дўзахда абадий қолмайдиган, аҳли қибла ҳисобланган мўмин– Ислом динига ҳеч қандай шак-шубҳасиз жазм ила эътиқод қилган ва шаҳодат калимасини нутқ қилган одамдир», дейдилар. Тили билан айтиб қўйса, кифоя, деганлар адашган «Муржиъа» мазҳабидагилардир.
Иймон нима эканлиги тўғрисида маьрифат ҳосил бўлгандан сўнг, сиз муҳтарам азизлар билан ўзимиз танлаган мавзу хусусида Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда сўз юритишни бошлаймиз. Аввало шуни айтиб ўтишимиз керакки, бу мавзуни танлашимиздан асосий мақсадимиз: бу масала, иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақидаги масала бўлиб, уламоларимиз ўртасида кўпгина тортишувларга сабаб бўлган масала эканлиги эьтиборидан эмас. Чунки аҳли сунна ва жамоа уламоларининг тортишувлари моҳиятда эмас, сувратдадир. Баъзилари тўғридан-тўғри иймон зиёда ва кам бўлади десалар, баъзилари иймоннинг асли бир, аммо унга тааллуқли ишлар, амаллар зиёда ёки кам бўлади, дейдилар.
Биз эса бу қисқа каломимизда шариат талаб қилган ва эьтиқод қилиниши лозим бўлган нарсаларга иймон келтирган мўмин, мусулмон бандаларнинг орасидаги, биз сўзимиз давомида келтирадиган ҳадисларда зикр этилган комил иймон сифати билан сифатланганларининг васфи ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминларнинг иймони комилроғи, хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз, хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Ислом ҳусни хулққа катта эътибор берган. Бу ҳақда Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Яхши хулқ очиқ чеҳралик, кишиларга озор бермаслик, уларга яхшилик қилишдир. Яхши хулқли инсон икки дунё саодатига эгадир. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг камолини хулқнинг яхшилигига боғлиқ қилиб қўймоқдалар. «Мўминларнинг иймони комилроғи, хулқи яхшироғидир», яъни, мўминнинг хулқи қанчалик яхши бўлиб бораверса, иймони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Яхши хулққа бундан ҳам ортиқ тарғиб қилиш мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомидаги хулосалардан бири шуки, бирор аҳамиятли мавзу омматан баён қилинганидан сўнг ортидан ўша мавзуга тегишли энг муҳим нарса алоҳида таъкидлаб қўйилади. Ушбу ҳадиси шарифда:
«Сизларнинг яхшиларингиз, хотинларингизга яхшилик қиладирганларингиздир», деб таъкидланмоқда. Нима учун? Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик бошқалар билан яхши муомалада бўладилар-у, хотинлари билан муносабатда бадхулқ бўладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша ҳолатни эътиборга олиб, яхши хулқ иймон камолоти сабаби эканини айтганларидан кейин, бунда фақат бегоналар билан муносабатгина эмас, балки, энг аввало, ўз хотинига нисбатан яхши хулқли бўлиш зарурлигини таъкидлаб қўйдилар.
Ҳусни хулқни иймон мукаммаллиги учун шарт қилиб қўйиш Ислом учун, мусулмонлар учун ҳар қанча фахр қилса арзийдиган ишдир.
Хотинларига яхши муомалада бўлганлар мусулмонларнинг энг яхшилари, деб алоҳида таъкидлангани эса, Исломда аёлларнинг ҳақлари қанчалик устун қўйилишини кўрсатади. Шу боис гўзал ахлоқли бўлишга ҳаракат қилайлик, мўминлар ичида энг мукаммал иймонлиси бўламиз. Хотинларимизга яхшилик қилишга уринайлик, мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўламиз.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
«Мункар иш» деганимиз дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон ишни билдиради. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:
- «Мункар ишни қўли билан қайтариш».
Бу куч ишлатиб, деган маънони билдиради. Яъни, бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна, мункарни қайтаришдан олдин, ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.
- Мункар ишни тили билан қайтариш.
Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин- мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам, сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.
- Мункар ишни дили билан қайтариш.
Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди, дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилур. Бу эса, энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса, ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз керак. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда, ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини–Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина, нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бошқа кишиларга яхшиликни раво кўришини иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча, комил мўмин бўла олмаслигини таъкидламоқдалар. Ҳадисда лафзлар иймонни манфий қилса ҳам, маънолар бутунлай иймонни эмас, балки иймоннинг комиллигини манфий қилувчидир.
Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларни ҳам жаннатга киришини ёқтиради. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон, ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.
Исломдан, Қуръондан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидан узоқлашиш оқибатида, жумладан, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган улкан ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида, аввало, мусулмонлар бошига, қолаверса, бутун инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғилганлигини тушуниб етамиз. Бугунги кунда дунёда одамлар бир-бирларига яхшиликни раво кўрмай қўйдилар. Ҳар ким ўзининг, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган бўлди. Бунга эришиш учун эса, ўзгаларга керагича ёмонлик қилишга тайёрлар. Дунёни қамраб олган урушлар, қон тўкишлар, зулм-истибдодлар ва разолатлар шундан келиб чиқмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ушбу ҳадисга тўлиқ амал қилишга ўтишимиз керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда биз яшаётган дунё, ундаги инсонлар, ҳайвонот ва ўсимликлар, ҳамда бизни қуршаб турган атрофимиздаги жамийки мавжудлик комил иймонли мўьмин — мусулмонларга ва уларнинг ушбу иймон тақозоси ила амалга оширадиган ишларига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ муҳтож бўлиб турибди. Мўьминман, мусулмонман деган инсонлар эса буни теран англамоқликлари, атрофимиздаги оламга тафаккур назари ила боқиб, оиламизнинг, жамиятимизнинг ҳамда эл-у юртимизнинг тинчлиги, ободлиги, ундаги одамларнинг фаровонлиги учун ва авлодларимизнинг етук инсонлар этиб тарбиялаш учун астойдил ҳаракат қилмоқлигимиз лозим. Бу ишлар бизнинг бугунги кундаги амалга оширишимиз зарур бўлган вазифамиз бўлиб турибди. Агарда биз бу ишларни амалга оширадиган бўлсак, худди бизнинг аждодларимиз амалга оширганидек бутун ер юзини яна яхшиликка ва илм нурига тўлдирардик. Ҳозирги дунёда мавжуд ободлик, илм-у фан ютуқлари асосини мусулмонларнинг қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар ўз соҳаларида иймонларининг тақазо билан виждонан амалга оширган ишлари турибди. Бошқа халқлар ва умматлар айнан биз мусулмонлардан тасирланиб, биз эга бўлган ва асос солган илмий ютуқлардан фоидаланиб ҳаракат қила бошлашганди. Илм фан мусулмонлар қўлида бўлганда улар ер юзини шифога ва илмий ихтироларга тўлдириб юбордилар, мусулмонлар асос солган ва кашф этган нарсаларнинг барчаси инсоният учун яхшилик келтирди, бирор- бир зарар етказмади, бунга эса уларнинг ҳар бир соҳага динлари асосида, яьни илм ўрганишни ўзларига фарз деб билганлари ва охиратга бўлган иймонлари тақозоси билан ёндошганликлари сабаб бўлди. Аммо илмий одимлаш мусулмонлардан бошқа дин ва юрт вакиллари қўлига ўтгандан сўнг илм фандан инсонларга ва бутун ер юзидаги тирикликка зарар етказиш ва уларни ҳароб этиш учун фойдаланилди, ер юзидаги тирикликни йўқ қилиши мумкин бўлган қуроллар яратилди, тирик инсонлар устида қийноқлар ва синовлар ўтқазилди, дунёни урушлар, ҳавфли вирус ва касалликлар қамраб олди. Натижада бутун дунё ҳар куни қўрқув билан яшамоқда. Бу ҳолатга эса илм-фан ва тараққиётни охиратга иймони йўқ бўлган кишилар тасарруф этишлари олиб келди.
Мўьмин-мусулмон бандалар Аллоҳ таолога ва охират кунига бўлган иймонлари натижасида ўз охиратларини обод этиш ҳаракатида бўлиб, бу дунёни ҳам обод этадилар. Зеро, бу дунёни обод этишлик, инсонларга манфаат берадиган ишларни амалга оширишлик ўз соҳибини Аллоҳ таолонинг розилигига етказадиган ва охират саодатига эриштирадиган ишлардандир. Биз дунё ва охиратимиз саодати учун динимиз буюрган вазифаларни бажармоқлигимиз, комил иймонли мусулмон сифатида ҳаракат қилмоқлигимиз лозим. Биз мусулмонлар инсоларнинг энг яхшиси ва афзали бўлмоқлигимиз керак. Зероки, биз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдик ва одамлар учун одамларнинг энг яхшиси бўлдик, буни ўз ўрнида тушунмоғимиз ва шу фазилатли умматга муносиб тарзда ҳаёт кечирмоқлигимиз бизга ярашадиган ишдир.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
“Ёш илмий тадқиқотчи” гуруҳи аъзоси
Дулабов Абдурашид
