ОНА ТИЛИМ ИФТИХОРИМСАН

25

 Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг

битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан,

унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш

 барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки

 муқаддас инсоний бурчимиздир.

Шавкат Мирзиёев

 

Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилганлиги бунга яққол мисол:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 октябрдаги 01-07 / 1-3239-сонли  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ-4479-сонли” “Ўзбекистон Республикасининг” “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорини амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, энг аввало, ўзбек тилининг мавқеини юксалтиришда 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши беқиёс аҳамият касб этади.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ўзбек тилини давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида қўллашнинг қонуний асосларини яратиши баробарида, уни асраб-авайлаш, янада бойитиш, илмий-ижодий фаолиятда тўлақонли фойдаланиш имконини пайдо қилади. Жумладан, давлат тилини ўрганиш учун фуқароларга шарт-шароит яратиш, шунингдек, юртимизда яшовчи миллат ҳамда элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш Қонуннинг алоҳида моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Албатта, буларнинг барчаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг ҳаётимизда самарали татбиқ қилинишига қаратилиши билан эътиборлидир. Зеро, она тили — миллатнинг тарихий, маънавий-маданий қиёфасини ўзида ифодаловчи беқиёс бойликдир. Унинг софлигини сақлаш эса миллат қиёфасини, руҳининг покизалигини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, амалдаги Қонун нормалари бажарилишини таъминлашда ҳар биримиз фаоллик кўрсатишимиз мақсадга мувофиқ.

Ўзбек тили асрлар давомида шаклланиб, сайқалланиб келмоқда. Бунда албатта буюк аждодларимиз Маҳмуд Қошғарий, Юсуф хос Ҳожиб, Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг ўрни беқиёсдир. Аждодларимиз, олимларимиз асрлар давомида ўзбек тилининг давлат тили бўлишини орзу қилишди, яратганга беҳисоб шукрки бундай неъмат билан Аллоҳ бизни сийлаб қўйди.

Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар-бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади.

Марҳум биринчи Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қайд этилганидек, “Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади”. Хулоса ўринда шоир Хуршид Давроннинг ОНА ТИЛИМ шеърининг бир мисраси билан якунламоқчиман:

 

Келиб кетди неча дунёлар,
Кулди ҳаёт, йиғлади ўлим.
Сен деб қурбон бўлди боболар,
Улар кетди, сен қолдинг, тилим.

 

Ўткир Ғузаров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири