ТИЛИМИЗ – ҒУРУРИМИЗ

16

“Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини

камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз

нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”

Абдулла Қодирий.

ТИЛИМИЗ – ҒУРУРИМИЗ

           

Муайян халқ­нинг миллий тили орқали, тилга бўлган эътибори орқали унинг маънавиятини, тарихини англаш ва тушуниш мумкин. Тил — миллат маънавиятининг кўзгусидир. Чунки халқ маънавиятини англаш унинг тилини ўрганиш орқали амалга оширилади. Сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий “Тилга эътибор — элга эътибор”, — деб бежиз айтмаган.

Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти томонидан ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз — ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.

“…ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир” деган эди Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.  “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Тил — миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда.

Тил — миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси — балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушуниш, мулоқотларга имконият яратади. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг асосий кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллон киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250танинг ичида экани қувонарли, албатта.

Ҳозир дунё тилларидан фақат 40 таси оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммалдир. Улар орасида ўзбек тили ҳам бор.

Дунёдаги луғат жиҳатдан энг бой тиллар — араб тилида 3,5 миллиондан, инглиз тилида 2,5 миллиондан зиёд сўз бор. Энг қашшоқ тил Гвинеядаги Таки қабиласининг тили — атиги 340 сўзга эга.

Атоқли адибларимиздан Абдулла Қаҳҳор “Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тилни бузганга ҳеч ким индамайди?!”  деган эди. Бу ҳуштакни кимдир чалиши шарт эмас. Бу ҳар биримизнинг қалбимиз ва виждонимизнинг огоҳлик қўнғироғи бўлиши лозим.

Улуғ мутафаккир шоиримиз ҳазрат Алишер Навоийнинг ўзбек халқи маънавий дунёси, тилининг шаклланиб ривож топишида хизматлари беқиёс бўлган. Унинг мўътабар номи, ижодий меросини доимо фахрланиб тилга оламиз. Навоийнинг асарлари орқали она тилимизнинг беқиёс бойлиги, унинг буюклигини англадик, унга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ошди. “Муҳокамат ул луғатайн” асарида бобомиз сўзни дурга қиёслаганлар. Дур денгиз қаърида бўлганидек, сўзнинг макони инсон кўнглида эканлигини, ҳар бир кишининг ўз айтар сўзи бўлиши кераклигини, сўз одоби ва маданиятини сақлай билиши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Ана шу фазилатлар инсоннинг одоб-ахлоқли, ҳурмат-эътиборли шахс сифатида камол топишида асосий ўринга эга.

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Дарҳақиқат, ўзбек тили шу қадар бойки, унинг хазинасидан исталган сўзингизнинг бир неча вариантини топа оласиз. Балки шунинг учун ҳам ҳазрат Навоий туркий тилда “Хамса” яратиб, “Муҳокаматул луғатайн”ни битишни ихтиёр қилгандир?! Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса ҳинд диёрида яшаган бўлса ҳам, авлодларимга эсдалик, дея она тилида шоҳ асари—“Бобурнома”сини ёзгандир?!

Фақат инсонгагина берилган бу улуғ неъматнинг қадрига етмоқ лозим. Ўз сўзларимизга, нутқимизга эътибор бериб, ҳар бир сўзни ўз либоси билан безаш ҳам инсоний бурчимиздир.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари