ЭРТА ТУРМУШ…
15Аллоҳ таоло никоҳни инсониятга жуда ҳам буюк ва кўплаб манфаатлари борлиги учун жорий қилган. Бу манфаатларнинг энг муҳимларидан бири ҳар икки тараф учун ҳам нафс хотиржамлиги, жисмоний ва руҳий сокинлик ҳамда меҳр ва муҳаббат нашидасини суриб, ҳаёт кечиришдир.
Фарзанд ота-онанинг кўз қувончи, ҳаёт шамчироғини ёқувчи, авлодлари давомчиси ҳисобланади. Шу сабаб ҳар бир ота-она боласининг бахтли, саодатли бўлиши, ҳаёти мазмунли ўтишини ўйлайди ва шу йўлда елиб-югуради. Аммо баъзи ота-оналар ўзлари билиб-билмай фарзандлдари ҳаётига раҳна солиб, уларнинг соғлиги ва руҳий ҳолати ёмонлашишига сабаб бўладилар. Жумладан, ҳали оила қуришга тайёр бўлмаган йигит ва қизни турмуш қуришга мажбурлаш ортидан турли зарарлар келиб чиқади.
Мутахассислар фикрича, 16-18 ёшларда она бўлиш бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Буларда ҳомиладорлик ва туғруқлар жисмонан оғирроқ кечишидан ташқари, болани парваришлаш, унга руҳан мослаша олмаслик кузатилади. Кўп ҳолларда қизларнинг 15-17 ёшдаги ҳомиладорлиги, онгли равишда тайёр бўлмасдан туриб, астойдил исталган ҳомиладорлик бўлмайди. Бола туғилиши билан оилавий муаммолар ҳам пайдо бўлади. Бу ёшдаги қиз фарзандидан кўра кўпроқ дугоналарига қизиқувчан бўлади.
Никоҳ қуриш энг биринчи навбатда фарзанд кўришдек мураккаб физиологик жараёнлар билан алоқадор бўлгани сабаб жуда эрта турмуш қуриш бепуштлик, боланинг ой-куни этмай туғилишига, шунингдек, ҳомила нотўғри ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Илмий маълумотларга кўра, қизлар ва йигитлар деярли 20 ёшдан кейингина анатомик ва физиологик жиҳатдан бутунлай камолотга етадилар. Тиббий жиҳатдан 17 ёшли қизларга таъриф берадиган бўлсак, уларда физиологик ривожланиш охирига етмаган ва тос суяклари ҳали ривожланиш босқичида бўлади. Шу даврда ҳомиладорлик рўй берса, ҳомила ривожланиши, туғруқ жараёни бундай ёшларда жуда оғир ўтади. Бола чала, вазни кам, нуқсонлар билан туғилиши мумкин. Шунингдек, бола соғлом туғилган тақдирда ҳам, уни парваришлаш оғирлик қилади.
Руҳшуносларнинг аниқлашича, 21 ёшда бош мия деярли тўлиқ ривожланиб бўлади, инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлашади. Шунинг учун бу ёшдан оналик учун энг идеал вақт бошланади. 21-27 ёшли аёл – етук инсон, шаклланган шахс. Бу ёшдаги аёлларнинг ҳомиладорлиги нафақат исталган, режалаштирилган, балки ижтимоий қўллаб-қувватланадиган ҳолат бўлиб, аёл ўзининг асосий аёллик вазифасини бажараётган бўлади ва бу ҳолатидан фахрланади.
18 ёшгача аёлнинг бўйида бўлишини эрта ҳомиладорлик, дейиш мумкин. Чунки айнан шу ёшда аёл организми бола ўсиши ва туғилиши учун шаклланиб, тайёр ҳолга келади. Бунгача юз берган ҳомиладорлик кўпинча аборт, бола тушиши, ўлик туғилиши, ҳомиланинг нуқсонли ривожланиши билан кечгани сабаб она ва бола учун ниҳоятда хавфли ҳисобланади. Бундай асоратлар кейинги ҳомиладорликнинг нормал кечишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Аёл қанча ёш бўлса, ҳомиладорлик давридаёқ турли патологиялар, жумладан, камқонлик, кучли токсикоз, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида салбий ўзгаришлар кўп учраши кузатилади. Ёш аёллар кўп ҳолларда табиий йўл билан туғишга қийналади ва одатда фарзандини амалиёт (операция) орқали дунёга келтиради. Муаммо шу билан тугамайди: ёш онадан туғилган фарзанднинг ҳам ҳаёти қил устида бўлиши мумкин. 18 ёшгача туққан аёлларнинг чақалоқлари орасида учрайдиган ўлим ҳолатлари 20 ёшдан ошган аёлларнинг фарзандларига нисбатан кўпроқ кузатилади. Чунки уларда вазни кам эрта туғилиш ёки сурункали кислород етишмаслиги туфайли она қорнида нимжон ривожланган чақалоқлар, шунингдек, турли аъзо ва тизимларида нотўғри шаклланиши туфайли бундай аянчли кўрсаткичлар намоён бўлади.
Аллоҳ таоло жисмонан етук, ақлан баркамоллик асосида янги оила қураётган қиз ва йигитларимизга икки дунёда бахтли ва саодатли бўлишларини насиб айласин!
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
