ҲАНАФИЙЛИККА ЗИД ҚАРАШЛАРГА РАДДИЯ  

17

Сохта салафийлик оқими тарқалар экан, қаерга ёйилмасин, қайси жойга кириб бормасин, ўша ердаги миллий анъана ва қадриятлар, диний урф-одатлар оёқ-ости қилиниши, остин-устун бўлиб кетиши; юз асрлик анъана ва одатлар, уламо-ю раҳбарлар ҳақорат ва таъна қилиниши тарихий ҳақиқатдир! Ваҳҳобийлик кириб келган жойларда одамлар асрлар давомида бамайлихотир, уруш-жанжалларсиз қилиб келаётган амаллари борасида шиддатли баҳс-мунозаралар гирдобида қолиб кетадилар. Минг йиллардан бери, ҳатто бирор юртга ҳали ислом фатҳи келмасидан олдин пайдо бўлган, лекин ислом келганидан бери ҳеч қандай инкорсиз қилиб келинаётган ишлар ва ҳатто миллат ва элларнинг миллий анъана, қадрият ва урф-одатлари ҳаромга, бидъатга чиқарила бошлайди.

Юз йиллар давомида мадрасаларда, давраларда ўқиб келинаётган китобларга ва рисолаларга таъна тошлари отилади, шубҳа остига олинади. Савоб деб қилиб келинаётган ишлар ҳаромга, яхшилик деб қилинаётган амаллар бидъатга, туппа-тузук мусулмонлар мушрикка, атрофда бўлаётган воқеалар куфр ёки ширкка чиқарилиб қолади. Ота-боболаримиз минг йиллардан бери ҳукмига ихлос ила амал қилиб келаётган, мазмунига ишониб келаётган ҳадиси шарифлар ва шаръий ривоятлар заифга ва мавзуъ – тўқима-сохтага чиқарила бошлайди, амал қилмасликка чақирила бошлайди. Халқ ва миллат орасида обрў-эътибор қозониб келган домлалар, уламолар, оқсақоллар ва раҳбарлар обрўсизлантиришга урунилади: авваллари бирорта гап-сўзидан чиқмай келган авомнинг ўзи ваҳҳобийлик балосига йўлиққандан сўнг айнан ўзларининг домлалари, уламолари, оқсақоллари ва раҳбарларига қарши бўлиб қолади. Ваҳҳобийлик кучайган сари мусулмонлар ва ҳар қандай мамлакат аҳолиси не қийинчиликлар билан тиклаган давлатлари тузуми, тараққиёти ва ривожига нисбатан хавф-у хатар орта боради. Натижада, ваҳҳобийлик ва унинг соясидаги сохта салафийлик бўладими, ёки бошқа турли номлар ҳеч бир жойда яхшилик билан, қучоқ очиб кутиб олинган эмас!

Сохта салафийликдан сув ичаётган такфирчи оқим вакиллари мазҳаблар орасида турлича фикрга келинган фиқҳий масалаларни ҳам эътиқод даражасига кўтариб, бошқаларни бидъатда, куфр ва ширкда айблаб, тинч-тотув аҳоли ўртасида фитна-фасод қўзишга зўр берадилар, ихтилофга сабаб бўладилар. Ихтилофни ўзлари бошлаб қўйиб, унга барҳам бермоқчи бўлганларни фитначиликда айблайверадилар.

Хуллас, улар одамларни фитнага соладиган мавзуларда кўпроқ гапирадилар, кўпроқ ёзадилар. Фитнага сабаб бўладиган, ихтилоф қўзғайдиган масалаларда саволлар бераверадилар. Фиқҳдан бирор масала айтиб, одамларни рози қилиб ҳақ йўлга бошламайдилар. Агар фиқҳдан гапирсалар ҳам, уни эътиқод мавзуси қилиб оладилар.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, хушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳамда лоқайд бўлмасдан яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг елкамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга хушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга шундай хайрли ишларда мададкор бўлсин.

Аллоҳ таоло бизни аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридий ақоидида, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларида барқарор қилсин.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари