Экстремизмга тарғиб, зўравонликка тарғиб

12

Айрим гуруҳлар интернет тармоқларида ўзгаларни айблаб, ўзларининг экстремистик қарашларини илгари сурмоқдалар. Экстремистик қарашлар турли зўравонлик ва зулмларни келтириб чиқаради.

Аслида, Ислом дини эса мўъмин-мусулмонларни зулм ва зўравонликдан қайтаради. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай дейди:«Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!» — дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», — дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара сураси, 11-12-оятлар).

Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да:“Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажаввуз этиш инсониятга қаратилган энг мудҳиш жиноятдир. Террор, бузғунчилик, зулм, урушлар, одамларнинг жабр-ситам кўришлари ва хўрланишларига сабаб бўлувчи бошқа барча тажаввузкорликларни динимиз қоралаган” дейилади.

Аллоҳ таоло барчамизни тинчлик-осойишталик йўлида ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, эзгу амалларни қилишга муваффақ қилсин!

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими, Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имом хатиби