Терроризм-ёвузлик ва зулм
21

Аслида, муқаддас ислом дини зулмнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қорайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради” (Наҳл сураси, 91-оят).
Ислом бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.
Айни пайтда, террористик оқимнинг таҳдиди мамлакатимизда давом этаётган ислоҳотлар муваффақиятининг гарови – сиёсий барқарорликни, миллий, фуқаролараро ва миллатлараро тотувликни бузишга, дунёвий давлатни, кўп миллатли ва кўп динли давлатни обрўсизлантиришга уринишда намоён бўлмоқда.
Ислом – инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қилинадиган энг эзгу ғоялар билан йўғрилган диндир. Бироқ турли экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.
Мамлакатимизда ёшларимизни турли экстремистик ва террористик оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун кўплаб чора тадбирлар кўрилмоқда. Жойларда маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш, газета-журналлар ҳамда интернет сайтларида турли экстремистик ва террористик оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг зарарли оқибатлари туғрисидаги мақолалар эълон қилиниши, телевиденияда турли хил теледастурларнинг намойиш этилиши шулар жумласидандир.
Хулоса қилиб айтамизки, терроризм огоҳ бўлишимиз, ундан ўзимизни ва аҳли фарзандларимизни узоқроқ тутишимиз лозим бўлади.
Р. Акбаров,
ЎМИНинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
