Исломда аёлнинг ўрни ва қадр-қиммати

30

Мусулмон эркакларга аёллари билан маъруф – яхши ҳаёт кечиришни буюрган Аллоҳ таолга ҳамду санолар бўлсин.

Ўзларининг ҳадиси шарифларида “…сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига яхши муомалада бўлганларингиздир”, деб марҳамат қилган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.

Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга ваҳий келиш арафасида дунёда икки катта давлат – Рум ва Эрон бир-бирлари билан рақобатлашар, бошқа халқ ва элатлар устидан ҳукмларини ўтказишар эди. Рум насроний давлат, Эрон эса оташпарастлар юрти эди. Бу давлатларнинг қонунчилиги бузуқ, инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол эди.

Арабистон ярим ороли гоҳ у, гоҳ бу давлатнинг қўшинлари билан ҳарбий тўқнашувларга дуч келиб турарди. Шу вазиятда Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга ваҳий келиши, Ислом динига даъватнинг бошланиши, диннинг шаклланиш воқеаси содир бўлди ва Арабистонда ижтимоий-сиёсий ҳаётни муолажа қилувчи бир дастур сифатида қарши олинди. Ҳаётнинг барча жабҳаларини қамровчи Ислом аёллар ҳақ-ҳуқуқларига ҳам катта эътибор берди. Аёл энг муносиб ўрнини Исломдан топди.

Аёлларга яхши муомалада бўлиш, уларга нисбатан хушмуомала, ширин сўз, мулойим муносабатда бўлиш, ноҳақлик ва қўполлик қилмаслик керак. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мўминларнинг энг тўла ишончлиси хушхулқлисидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига яхши муомалада бўлганларингиздир”.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз”, деганлар.

Исломда аёлга иккита қоида асосида қаралади.

Биринчиси, тузилиш ва яратилишдаги бир хиллик бўлиб, бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Одамлар, сизларни бир жон (Одам ато)дан яратиб, ундан унинг жуфтини яратган ва улардан кўплаб эркак ва аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинг.” (Нисо сураси, 1-оят).

Иккинчиси, эркак ва аёл ўртасида қарор топтирилган ака сингиллик риштаси. Чунки ҳар бир эркак ва аёл бир отага бориб тақалади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй одамлар биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратиб, ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик…” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аёлларнинг эркаклар зиммасидаги ҳаққи яхши таом ва кийим беришларидир”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф…” дема ва уларни жеркма! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” (Исро сураси, 23-оят).

Исломда она ёки аёл ҳаққига эътибор шу қадарки, она мушрик бўлса-да, бу ҳаққини йўқотмаган бўлади. Фақат ота-она фарзандига ё эр хотинига Исломдан ташқари, яъни Исломга зид амр ва талқинда бўлсалар, у ҳолда уларга итоат қилинмайди. Аллоҳга исён қилувчиларга итоат этилмайди.

Юқоридаги оят ва ҳадислардан хулоса қилиб, қуйидагилар аёлларнинг ҳақлари эканини айтишимиз мумкин бўлади.

  1. Хотинининг эрдаги ҳақларидан бири таомдир. Эр ўзи еган таомдан хотинига ҳам егизишга бурчли. Бу эр ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, хотинини озиқ-овқат билан таъминлаб бориши лозим эканлиги.
  2. Хотиннинг эрдаги ҳақларидан яна бири кийимидир. Эр ўз имконига қараб, ўзи кийинадиган савияда хотинини ҳам кийинтириши зарур эканлиги.
  3. Эр хотинини қаттиқ сўкиши ҳам керак эмаслиги.
  4. Эрнинг хотин айб қилган чоғида ҳам, ҳатто шариат уришга ижозат берадиган даражадаги ҳолат пайдо бўлганда ҳам хотинини қаттиқ уришга ҳақи йўқ эканлиги.
  5. Хотиндан айб ўтиб, унга ваъз-насиҳат кор қилмай, эр тарбия учун жойини бошқа қилиб ётишга қарор қилса ҳам, бир уйнинг ичидагина жойини бошқа қилиб ётишга ҳақли. Хотинини ёлғиз ташлаб, бошқа хонага ёки бошқа уйга кетиб қолишга ҳақи йўқ эканлиги.

Ушбу маъноларни мусулмон эр-аёллар жуда яхши билиб олмоқлари лозим. Кўплаб эрлар ўз масъулиятларини билмай хотинларига зулм ўтказадилар. Кўплаб аёллар эса, ўз ҳақларини танимай қийналадилар. Ҳамма нарса шариатимизда кўрсатилганидек бўлса, оила бахтли бўлиши турган гап.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси Қодиров Омон