МАВЛИДУН НАБИЙ МУБОРАК!

16

Ислом оламига ҳар йили ўзгача шукуҳ олиб келадиган Рабиул аввал ойи ҳам кириб келди. Ҳаммамизга маълумки, бу ойнинг мусулмонларга севимли бўлишига сабаб “оламларга раҳмат” қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг худди шу ойда дунёга келганларидир.

Аллоҳ таолонинг инояти билан инсониятни зулматлардан нурга чиқарувчи Зот тавваллуд топган ойни мусулмонлар улкан неъмат ато қилинган ой сифатида қадрлайдилар. Шу ойда Аллоҳ таолога шукрона сифатида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганадилар, илмий мажлислар, мусобақалар ташкил этадилар ва саховатли кишилар эҳсонлар қиладилар. Биз ҳам вақтни ғанимат билиб, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам сийратларидан бироз маълумотлар билан танишамиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳрининг Бани Ҳошим маҳалласида, Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи санаси, душанба куни тонгда дунёга келдилар. Бу милодий 571 йил 22 апрелга тўғри келади (эски ва янги милодий тақвимлардаги фарқ сабабли манбаларда туғилган саналари турлича келтирилган).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг оталари Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф. Оналари Омина бинти Ваҳб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килобдир.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг муборак насаб шажаралари Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади. Насаби шариф Пайғамбаримизнинг ўзларидан бошланиб, Аднонгача етган жойда ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг оталари Абдуллоҳ Маккада Омина бинти Ваҳбга уйландилар. Кўп ўтмай, Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ Мадинага жўнаб кетадилар. Баъзи ривоятларга кўра, Абдуллоҳ Шомга тижорат билан чиқиб, қайтишда бемор бўлиб Мадинага тушадилар. У киши йигирма беш ёшида беморликдан вафот этдилар ва Мадинада дафн этилдилар. Ҳали Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилмаган эдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилганларида бир нур чиққани ва Шом қасрларини ёритгани ривоят қилинади (Имом Аҳмад ва Имом Доромий ривоятлари).

Олти ёшга етганларида оналари ҳам Мадина сафари давомида вафот этиб, Абво деган жойда дафн қилиндилар.

Пайғамбаримизнинг оналари вафот этганларидан кейин У Зотни боболари Абдулмутталиб қарамоғига олдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саккиз ёшдан ўтгач, боболари Абдулмутталиб Маккада вафот этдилар. Ўлими олдидан Пайғамбаримизнинг кафолатини ўғли Абу Толибга топширдилар.

Абу Толиб ўз вазифасини мукаммал бажаришга ҳаракат қилдилар. Қирқ йилдан ортиқроқ Пайғамбаримизни қўллаб-қувватладилар, ҳимоя қилдилар, У Зот сабабли бошқалар билан хусуматлашдилар.

Ҳижратдан 13 йил аввал (милодий 610 йилда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий қирқ ярим ёш (шамсий 39 ёшу уч ойлик) бўлганларида, Аллоҳ таоло У Зотга биринчи ваҳий юборди ва У Зот Набий бўлдилар. Орадан бир неча кун ўтиб, иккинчи ваҳий келгач, Расул бўлдилар. Пайғамбар бўлиб ўн уч йил Маккада, ўн йил Мадинада яшадилар. Йигирма уч йил давомида катта қийинчиликларга сабр-бардош билан Аллоҳ таолонинг динини инсониятга етказишга жидду жаҳд қилдилар. Натижада бир киши билан бошланган Ислом бутун ер юзига тарқалди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўн биринчи ҳижрий сана (632 м.й) олтмиш уч ёшда, Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанбада чошгоҳ пайти Рафиқул аълога кўчдилар, яъни вафот этдилар. У Зотнинг вафотлари Қиёматгача келадиган Ислом уммати учун мусибатдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос хусусиятлари – охирги пайғамбар бўлишлари ва У Зотга охирги илоҳий китоб туширилгани эди. У Зотдан кейин пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир” (Аҳзоб сураси 40-оят).

Бу ерда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни «Пайғамбарларнинг муҳри» деб атади. Зеро, ҳар бир муҳим ёзма ҳужжат сўнггида муҳр босилгани каби охирги пайғамбар келгач, пайғамбарлар китобига ҳам муҳр босилгандек бўлди.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни Қиёматгача келадиган умматларга ўрнак қилиб қўйди. У Зот Исломни яшаб кўрсатдилар, бунга минг-минглаб одамлар гувоҳ бўлдилар. У Зотнинг ўзгаларда тўпланиши амри маҳол бўлган гўзал хулқларини дўстлар, ҳаттоки душманлар ҳам эътироф этишди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси 21-оят).

Демак, У Зотдан ўрнак олиш учун тарихлари, сийратлари, айтган сўзларини ўрганишимиз ва келажак авлодга ўргатишимиз керак. Мазкур нарсаларни билмасдан туриб, У Зотнинг мукаммал меросларидан фойда ололмаймиз. Зеро, Пайғамбаримизга тегишли суннат – динимизда иккинчи муҳим манбадир. Қуръони каримда қанча илм ва ҳукмлар бўлса, ҳадиси шарифда ҳам шунча илму ҳикматлар бор. Бу иккисини бир-биридан ажратишга уринган кимсалар жуда қаттиқ адашади. Зеро, Пайғамбаримиз динга тегишли бирор сўзларини ўзлари томондан гапирмаганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:  “(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм сураси 3-4-оятлар).

Гоҳида ҳадиси шарифларни четга суриб, фақат Қуръондаги ҳукмларга амал қилиш керак, дейдиганлар кўзга ташланади. Улар динни Аллоҳ таоло ўргатган йўсинда эмас, балки ўзлари ўйлаб топган йўл билан қабул қилмоқчи бўладилар. Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси шуки, Ислом дини Муҳаммад алайҳиссалом орқали қабул қилинади ва ўрганилади. У Зотни, сўзларини ўртадан чиқармоқчи бўлганларнинг устози шайтон бўлади. Шайтоннинг мақсади эса одам зотини ўзи билан дўзахнинг тубига етаклашдир.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг буюк мартабаларини баён қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтишга буюради: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз! ”

Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар тилаб дуо қилиш жуда ҳам улуғ, савоби катта иш ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда ҳам унга тарғибот кўп.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан хурсанд бўлиш – Қуръони каримнинг талаби ва амри ҳамдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси 58-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо мазкур оятдаги “фазл” сўзини “илм” ва “раҳмат” сўзини “Муҳаммад алайҳиссалом”, деб тафсир қилганлар.

Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати билан хурсанд бўлишимизни буюряпти. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса энг улуғ раҳматдирлар. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси 107-оят).

Аслида Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларини биринчи бўлиб нишонлаган зот – Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Ўзларидир. Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтадилар: “Пайғамбар алайҳиссаломдан душанба куни рўза тутиш ҳақида сўрашди. Шунда У Зот: “Ўша кунда мен туғилганман ва шу кунда менга (ваҳий, пайғамбарлик) нозил бўлган”, – дедилар. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз алайҳиссалом душанба куни туғилганликлари ва шу кунда пайғамбарлик ато қилингани муносабати билан рўза тутганликларига далолат қилади.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари