Нафс тарбияси — саодат калити
15

Инсон ўзини таниб, ўзини енга олишдан кўра каттароқ иш йуқ. Бу эса нафс билан курашмоқдир. Аллоҳга ибодат ва итоатда бўларканмиз, нафсимизни синдиришимиз, уни таслим этишимиз энг машаққатли курашга айланади. Дунё ва унинг ичидаги нарсаларга муҳаббат билан қараганимиз сайин Аллоҳдан йироқлашамиз. Парвардигоридан йироқлашган банда ҳеч бир ҳақиқатни идроқ этмайди, унинг тафаккури ҳақни англашдан ожиз қолади. Иймон калимасини айтсак-да, беш маҳал намозни адо этсак-да, закотимизни мусрифларга тутқазсак-да, Рамазонда рўзали юриб, ҳаж нияти ила Каъбани зиёратида бўлсак-да, нафсимизга ғолиб келмагунимизга қадар бу амаллар бизни яҳши томонга ўзгартирмайди.
Пайғамбаримиз шундай марҳамат қилганлар: “Энг катта жиҳод нафс тарбияси учун қилинган жиҳоддир” деганлар. Саҳобалар жиҳоддан қайтишса “Биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик” – дейишарди. Шундай экан нафс ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонни тўғри йўлдан оздириши мумкин, шу боис у билан тинимисиз курашмоқ лозим.
Нафс тарбияси ҳусусида Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Нафсингни жаннатдан бошқа нарса учун қўйма. Чунки мўминнинг жони қиммат, баъзилари эса уни жуда ҳам арзонга сотиб юборади” деганлар.
Нафс кўзни кўр этади, ҳақиқий ишқдан айиради, руёларга асир этади. У доимо бизни беҳуда кибр – ҳавога йўлиқтиради. Шунинг учун ҳам нафс балоларнинг боши ва разолатнинг манбаи дейилган. Бунга мисолан мушриклар “Ла илаҳа иллаллоҳ” демадилар, чунки Аллоҳга сиғинмоқ ила нафсларининг хоҳишларидан юз ўгиришга мажбур бўлишларини улар биздан теранроқ тушунган эдилар. Бугун биз мусулмонлар иймонга олиб киражак калималар моҳиятига Макканинг ўша мушриклари қадар ҳам назар сола билмаймиз. Исломга бир шакл ўлароқ боқдик. Унинг ичига қизиқмаймиз ҳам. Қалбимизни тарбиялаб, руҳимизни кирлардан поклайдиган Исломни эмас, қонун-қоидалардангина иборат бўлган Исломни ушладик. Ҳолбуки, Исломнинг моҳияти инсонни Роббисига етаклашдан иборат. Бизнинг исломимиз эса, минг афсуслар бўлсинки аксинча, Аллоҳдан тескари олиб кетмоқда. Чунки биз Ислом ила яшамаяпмиз. Ислом ила яшаш ўғрининг қўлини кесиб, фоҳишани тошбўрон қилишгина бўлсайди, бундай осон иш топилмас эди, шубҳасиз. Ислом бирла яшамоқ ҳар бир мўминнинг ички олами, ҳаммадан бекитадиган яширин ҳаёти, қалбидаги ўйлари, ҳиссиётлари, ақлнинг хулосалари – ҳамма – ҳаммаси исломий бўлмоғи лозим. Роббимнинг қошида бу ниятим учун қандай жавоб бераман? Бу амалим туфайли Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрум бўлмайманми? Қайси ишларим Роббимга хуш келаркин? Ахир, мен Аллоҳга таслимман, унинг амалларини сўзсиз бажаришга қасам ичдим, менда заррача шубҳа бўлмасин, икки дунё бўлурми, бўлмасми, Роббимнинг амалларида собит туришим керак, лекин бу менинг қўлимдан келса, кошки! На ниятларимизни ўнглай оламиз, на амалларимизни ислоҳ этамиз. Буларнинг барчаси Роббимизнинг изнидадир. Аллоҳ таоло барчамизга нафсимизга тобе бўлишликдан асрасин!
Ислом Эшбеков,
“Хожа Бухорий” билим юрти Ахборот-ресурс маркази раҳбари
