Такфир масаласи

32

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига биноан бирор гуноҳи кабира қилган кишини, модомики у ўша гуноҳини ҳалол санамас экан, ҳаргиз ўша гуноҳи сабаб кофирга чиқарилмайди.

Такфир масаласи халқаро терроризм ва экстремизмнинг асосларидан биридир. Баъзи бир ташқи кучлар мусулмон ўлкаларни вайрон қилиш, ораларига нифоқ солиш, уруш чиқариш учун аввало мусулмонлар ўртасида такфир каби масалаларни қориштиради. Илми ва иймони заъиф мусулмонларни ўз қармоқларига илинтиришга ҳаракат қилади. Диний асосларни бузиб, нотўғри таъвиллар қилади, муайян мусулмонларни маълум бир ишлари сабаб кофирга чиқаради. Натижада, уларнинг қонлари-ю, молларини ҳалол санаб, ўзлари хоҳлаган ишларни қилади.

Соф ислом шариатида бирор мусулмонни кофирга чиқариш ўта хатарли бўлганидан оят-у, ҳадисларда бу ишдан қаттиқ қайтарилган.

Мушриклардан бўлган Мирдос исмли киши исломини зоҳир қилиб, бор-буди билан мусулмонларни олдига чиққанида, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу уни “Бу биздан қўрққанидан калима келтирияпти”, деб уни ўлдиради ва бор-будини ўлжа қилиб олиб, Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келади. Мана шу воқеа сабаб ушбу ояти карима нозил бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имон калимасини айтишига қарамай, уни ўлдириб, нарсаларини ўлжа қилиб келтирган Усома ибн Зайдни, сен унинг қалбини ёриб кўрдингми деб қаттиқ койийдилар. Шу воқеадан кейин ушбу оят

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”, дея марҳамат қилади.

Набий алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Бирор кимса ўзининг биродарига: “Эй, кофир!” деса, бунга улардан бири мубтало бўлади”.

Ҳадисдан маълумки, агар куфрда айбланаётган киши кофир бўлмаса, айбловчи кишининг ўзи шу аҳволга тушиб қолиши мумкин экан. Аллоҳ таоло барчамизни  ўзининг тўғри йўлида собит қадам қилсин.

А.Кароматов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси