Жамоатни лозим тутинг!

22

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан яратиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида таратиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Парвардигор уни илоҳий ҳикмат ила жорий этган. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас балки, бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учундир.

Бу ҳақиқат Қуръони Каримда қуйидагича баён қилинади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик”. (“Ҳужурот” сураси, 13-оят). Динимизда ушбу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.

Аллоҳ таоло бандалари учун танлаган ва Ўзи рози бўлган дин – Исломнинг буюклиги ва азамати ҳам шундаки, у барчани бирлашишга чақиради, бўлиниш ва ихтилофлашишдан қайтаради:  “Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!” (“Оли Имрон” сураси, 103-оят).

Аҳли сунна ва жамоа ақидасида “Биз жамоатни «ҳақ ва тўғри» деб, тафриқани «тойилиш ва азоб» деб биламиз”, яъни «Саҳобалар, тобеъинлар ҳамда Қуръон ва Суннатни ушлаган Аҳли сунна вал жамоасига эргашишни «ҳақ ва тўғри» деб биламиз. Тафриқачилик ва жамоатга хилоф қилишни «йўлдан тойиш ва азобга сабаб» деб эътиқод қиламиз» дейилади.

Маълумки, Ислом дини одамларни ирқи, миллати, бойлигу мансаби, чиройи ва обрўсига қараб ажратмайди. Балки, Аллоҳ ҳузурида ҳурматлироқ бўлган инсон тақвода кучлироқ бўлган инсон эканлиги таъкидланади. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-ояти каримасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир!” (“Ҳужурот” сураси, 13-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларининг бирида жамоани лозим тутишга чақирар эканлар, ундан ажралганни подадан узоқлашган қўйга ўхшатганлар ва айтганларки: “Жамоатни лозим тут, зеро, бўри подадан узоқлашган қўйни ейди” (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).

Ушбу Ҳадиси шарифда мусулмонлар оммасидан яъни аҳли сунна вал-жамоадан ажралганлар залолатга кетиб, дунё ва охиратда зиён кўришига ишора қилинган. Шунингдек, ҳадисда худдики, бўри подадан айрилган қўйни осонлик билан ўлжа қилгани сингари шайтон ҳам жамоадан ажраган кишини осонлик билан ўз тузоғига тушириши ҳаётий ва гўзал услубда баён қилинган.

Ихтилофлашиш, фирқаланиш ва бўлиниш қайси умматда содир бўлса ўша умматнинг ҳайбати кетади, куч-қудрати заволга юз тутади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло низолашишдан, ихтилофлашишдан қайтариб: “Ва Аллоҳ ҳамда Унинг Пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетар”, (“Анфол” сураси, 46-оят), деди.

Динимиз Ислом, мусулмонларни ўзаро бирлашиб, аҳил-иноқликка чақирар экан, айни дамда ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишдан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, дея марҳамат қилган (“Шўро” сураси, 13-оят).

Бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: «Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур». (“Анъом” сураси,159-оят).

Ҳозирги ихтилофчи бемазҳаблар ҳам ўзларини Аҳли сунна вал жамоа деб атаб, ўзлари бу мазҳабда бўлмасалар ҳам, ушбу даъвони қиладилар, ҳамда, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имомларини «адашган», деб туҳмат қиладилар. Уларнинг бу ҳийласига учиб қолмаслик керак.

Сирожиддин Жаҳонов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси