Кибр ва унинг турлари
115

Ҳар бир мўьмин-мусулмон инсон қаттиқ ҳазар қилиб, сақланиши лозим бўлган, катта гуноҳлар рўйхатида ширкдан кейинги ўринда саналадиган гуноҳ ишлардан бири кибр ва манманликдир.
Кибр сўзи луғатда “катталик” маьносини билдириб, ўзини бошқалардан устун қўйиш, бошқаларни паст санаш деган маъноларни билдиради. Кибр Аллоҳга нисбатан содир этилган гуноҳларнинг биринчиси кибр бўлиб уни Иблис содир этган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад) эсланг, биз фаришталарга одамга таьзим қилинг, дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди” (Бақар сураси 34-оят).
Бошқа бир оятда: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монеьлик қилди?” У (Иблис) деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан, уни (Одамни) эса лойдан яратдинг” (Аьроф сураси 12-оят).
Иблис Аллоҳни ҳеч қачон инкор қилмаган. Унинг гуноҳи Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсунмасдан такаббурлик қилганидир.
Имоми Ғаззолий кибрнинг бадбахтлик эканини қуйидагича баён қилади: “Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбааси кибр ва ғафлатдадир”.
Аллоҳ таоло биз бандаларни кибрланишдан қаттиқ қайтаради: “Ер юзида кибру ҳаво билан юрма. Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан”(Исро сураси 37-оят). Бошқа оятда эса: “Одамлардан такаббурларча юз ўгирма ва ер юзида кибр ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас!” деган (Луқмон сураси 18-оят). Демак, банда ўз ҳаддини билмоғи лозим бўлади. Акс ҳолда у ўз бошига Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азоби келишига сабабчи бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда шундай дейилган: “Қудрат менинг изорим, кибриё эса ридойимдир. Бас, кимда-ким мана шу икки нарсанинг бирортасига эга бўлишга даьвогарлик қилса, бешак, уни азоблайман”.
Кўпчилик гуноҳлар, асосан, инсоннинг кибри туфайли содир бўлади. Аллоҳ таолога осий бўлиш, унинг ибодатидан юз ўгиришнинг асосий сабаби ҳам банданинг қалбидаги кибру ҳаводир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган кимса жаннатга кирмайди” (Имом Муслим ривояти).
Ана шу такаббурлик туфайли шайтони лаъин Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди ва Унинг раҳматидан маҳрум бўлди. Такаббурликнинг энг юқори чўққиси Аллоҳни тан олмаслик, киши ўзининг ожиз банда эканлигини унитишидир.
Кибрнинг уч хил тури бор:
- Аллоҳ таолога кибр қилиш. Бу энг ёмон кибрдир. Бу Фиръавн, Намруд ва Иблис кабиларнинг кибридир.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кибр қилиш. Бу Макка мушрикларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунишдан жоҳиллик ва саркашлик ила кибр қилганидир.
- Бандаларга кибр қилиш. Бу ўзини бошқалардан устун қўйиб, ўзгаларга ҳақорат назари билан қарашидир. Манманлик қилиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эьтиборга алданиб кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ҳамда эл-юрт олдидаги ҳурматини йўқотади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кибрли кишилар тўғрисида: “Мутакаббирлар қиёмат куни кичик қизил чумоличаларга ўхшаган кишилар суратида ҳашр қилинадилар. Уларни ҳар макондан хорлик қоплаб олади. Бас, улар жаҳаннамдаги Булиса номли қамоққа ҳайдаб борилади. Уларнинг устида оловларнинг олови бўлади. Улар аҳли дўзахнинг йиринги – тийнатул хабол ила суғорилади”, — дедилар.
Ҳар бир инсон ўзида кибрга мойиллик сезганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини чуқур ўрганиб, у кишининг ўгитларига амал қилиб, тавозени ўзига лозим тутиши зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг камтари эдилар, камбағаллар билан кўпроқ бўлардилар, қулнинг чақириғига ҳам жавоб берар эдилар, уй ишларида аҳлларига қарашар, ўзларини оддий тутар, баъзан кийимларини ўзлари тозалар, ўз хизматларини ўзлари қилар эдилар.
Кибр ва манманлик сифатларининг зидди бўлган камтарлик эса гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз таьлимоти ҳам бизларни шу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло менга бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бошқа бировга керилмасин, бирон кимса ўзгага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди”. (Имом Муслим ривояти)
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча амаллари, сўзлари ҳамда туриш-турмушлари билан камтарликнинг буюк намунаси эдилар. Бизлар шу зотнинг ҳаётларидан ибрат олишимиз лозим. Қолаверса, у зотнинг “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди” деган сўзларини доимо ёдда тутишимиз зарур.
Аллоҳ барчаларимизни кибр ва манманлик каби салбий иллатлардан узоқ қилиб, ўзининг камтарин, тавозелик бандаларидан қилсин….
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий -маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
