ЭҲСОН ВА САДАҚА
283

“Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Қуръони каримда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади. Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай” (Анъом сураси 160-оят).
Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам –эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон.
Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, бундай кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган.
“Садақа” луғатда “инфоқ, хайр-эҳсон” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса Аллоҳ таоло розилиги учун бериладиган ёки бажариладиган ҳар қандай нарса садақа саналади. “Садақа” деганда, одатда, фақат муҳтожларга, фақир кишиларга, гадо-тиланчиларга бериладиган нарса тушунилади. Аслида, эса хайр-эҳсоннинг барча турларини ҳам “садақа” деса, бўлаверади.
Садақа мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Мажбурий турига фарз ва вожиб бўлган закот, ушр, фитр, каффорот кабилар киради. Фарзу вожибдан кейинги ўринда турадиган ихтиёрий садақага эса ҳар қандай хайр-эҳсон, худойи, хайрия ташкилотларига, жамғармаларга, етимхона ва қариялар уйларига бериладиган моддий ёрдам ва шу кабилар киради.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинганки, қуйида булардан айримларини кўриб чиқамиз: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишига ҳасад қилиш, яъни қаттиқ ҳавас қилиш жоиз. Биринчиси: Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берсаю, у киши ўша мол-дунёни ҳақ йўлда инфоқ қилса. Иккинчиси: Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат (илм) ато этсаю, у киши ўша илм билан ҳукм қилиб, илмидан одамларга таълим берса”, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмонинг ярмини инфоқ-эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”, деганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саховатли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин….
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий -маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
