Силайи раҳмни боғлаш — мўминнинг зиммасидаги вожибидир

28

Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган, Аллоҳнинг ҳузурида қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амаллардан бири қариндош-уруғлар орасида силайи раҳмни боғлашдир. Силайи раҳмни боғлаш ҳар бир мўминнинг зиммасидаги вожиб амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло умрни узоқ бўлишини, ризқни кенг бўлиши ва вақтда барака бўлишини силайи раҳмга боғлаб қўйди.

قال رسول الله -صلّى الله عليه وسلّم: (مَن أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ له في رِزْقِهِ، ويُنْسَأَ له في أثَرِهِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ)

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Кимни ризқида кенглик қилиб берилиши ёки ажали кечга сурилиши хурсанд қилса, силайи раҳм қилсин”. (Имом Бухорий ривояти)

Юқоридаги ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

  1. Бандаларни силайи раҳмни боғлашга ундаш.
  2. Силайи раҳм ризқни кенг қилади.
  3. Силайи раҳм инсон умрига барака киришига сабаб бўлади.

Шу ўринда нозик бир масала бор. Юқоридаги ҳадисда силайи раҳм ажални кечга сурилишига сабаб бўлиши ҳақида зикр қилинди. Уламолар ҳадиснинг бу ибораси борасида турли хил фикрларни айтишган.

Баъзи уламолар “ажални кечга сурилишидан танадаги қувват ҳосил бўлиши ирода қилинган дейишди”. Яъни силайи раҳмни боғлаган инсон соғлом, бақувват ва кучли бўлади дедилар.

Баъзилари эса “ажални кечга сурилишидан мурод умрга барака келиши, Аллоҳнинг силайи раҳмни боғлаган кимсага тоат-ибодатларга тавфиқ бериши, умрни охиратига манфаат берадиган амалларга сарфлаши ва вақтини зоя қилишдан сақланиши” дедилар.

Баъзи уламолар эса “вафот этганидан кейин номи қолиши, ўлганидан кейин ортидан яхши гаплар билан эсланиши” дедилар.

Баъзилар “тақдирга силайи раҳмни боғласа узоқ умр кўради, силайи раҳмни узса оз умр кўради деб битилган бўлади” дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ қилсин, силайи раҳмни боғлайдиган бандалари қаторида қилсин.

 Мирмахаматов Муҳаммад

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси