Бемазҳабларга раддия
22

Мазҳаб сўзи арабча сўз бўли, йўналиш, оқим, йўл, таълимот деган маънони билдиради. Муқаддас динимиз истилоҳида эса фиқҳий йўналишларга нисбатан айтилади. Масалан: Ҳанафий мазҳаби деса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қўйган усул билан борилади. Яни, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қўйган усули билан ислом тушунилади ва ҳар бир мазҳабнинг ўзининг усули билан ислом тушунилади.
Ўзи мазҳаб ислом талимотида борми, зарурми, керакми деган саволга, Уламолар билиттифоқ керак ва зарур дейишган. Чунки, ислом динини тўғри тушунишда илмий услуб қўйилмаса ҳамма ўзича тушунишни бошлайди. Мисол учун: Жиҳодни оладиган бўлсак, жиҳодни ҳамма ўзича тушуниб кетаверилиб, оқибати нима бўлди, қотиллика айланиб кетди. Баъзилар жиноятни жиҳод деб номлаб, жиноят қилиб қочиб кетишни ҳижрат деб тушунмоқдалар.
Мазҳаб исломни қандай, қайси услубда мукаммалроқ тушунишлигимиз учун керакдир. Машҳур аллома Абдулҳай Наклавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмаътул фатаво” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мавороуннаҳр диёрларида, Шофеъийларни ҳам, Ҳанбалийларни ҳам, Моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган. Бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларига эргашишлик вожиб бўлади”-деганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда, бугунги кунимизда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсада, “Мен Қуръон ва Ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан чалғитмоқдалар. Бу ихтилофлар ва муоммоларнинг бирдан-бир ечими бемазҳабликни қўйиб, Аҳли сунна вал-жамаонинг муайян бир фиқҳий мазҳабига амал қилишимиз, мазҳаблар ўртасидаги ўзаро ҳурматни сақлашимиз, Қуръон ва Суннатни улуғ мужтаҳид уломоларимиз каби тушуниб, унга тўғри амал қилишимиз лозимдир.
Гадаев Рамазон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
