САМАРҚАНД – ДУНЁ НИГОҲИДА

24

Ер юзининг сайқали деб сифатланган Самарқанд азалдан буюк тарихга эга. Бу қадимий шаҳар ўзининг жозибадорлиги, мўътадил иқлими ва тарихий обидалари билан дунё халқларини ўзига жалб қиладиган бетакрор шаҳардир. Самарқанд дунёнинг кўплаб шоирларининг шеърларида мадҳ этилган шаҳардир. Самарқандни мусулмон жуғрофиячи олимлари шавқу-завқ билан мадҳ этгандир. Жумладан, Ёқут Ҳамавий ўзининг “Муъжамил булдон” асарида Самарқандни шундай таърифлайди. “У бой буюк, қадимги юртдир. Гўзал ва хушбичим шаҳардир. Чуқур анҳорларида сувлари кўпдир. Бинолари мустаҳкаму пишиқдир. Турли гуруҳларда дарслари кўпдир. Унга узоқдан тижорат моллари келур. Илмлар кўпдир. Бағрлар кенгдир. Расталар катта, қишлоқлар нафис. Дарахтлар, анҳорлар, тожирлар кўпдир. Ёзда у жаннатдир. Аҳли жамоат ва суннатдир. Маъруфи садақа, азми ҳимматдир”.

Ана шундай буюк шаҳар бугун яна дунё нигоҳида. Сабаби муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари, саъйи ҳаракатлари, доно сиёсатлари натижаси ўлароқ, дунёнинг етук халқаро ташкилотларидан бири бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига айнан ушбу гўзал ва бетакрор Самарқанд шаҳри мезбон бўлиб турибди. Маълумотларга қараганда дунёнинг 21 та мамлакатидан 500 дан зиёд оммавий ахборот воситалари ходимлари айнан ана шу шаҳарда бўлиб, саммит доирасида амалга оширилаётган учрашувларни, қизғин баҳсларни тўғридан-тўғри дунёга тарқатмоқдалар. Провардида Янги Ўзбекистонни, бизнинг бой меросларимиз ва тарихий обидаларимизни янада дунёда танилишига, дунё халқларини ўзига ром этишга муҳим омил ҳам бўлмоқда.

Муҳтарам юртбошимизнинг ШҲТ саммити олдидан  “Ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” деб номлаган мақолаларини ўқир эканман, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси ёдимга тушди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13 оят). Инсонларнинг турли халқлар, миллатлар, элатлар, шакллар, қабила ва уруғлар ҳамда турли фарқларга бўлинишининг асосий сабаби ушбу мақсад, яъни, ўзаро танишиш эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.  Аллоҳ таоло оятда, урушишингиз учун, жанжал учун, фахрланиш учун, мақтаниш учун демаяпти ёки бошқа сабабларни айтмаяпти. Демак, халқларнинг турли-туманлигини илоҳий мақсад-танишувдан бошқа мақсадга ишлатиш Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар бўлар экан. ШҲТнинг Самарқанд саммитида давлат ва ҳукумат раҳбарлари айнан шу эзгу ғоя устида бирлашган десак, асло муболаға бўлмайди.

Муҳтарам юртбошимиз ўз мақолаларида бу борада шундай фикрларни баён қилганлар: “Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли — конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир”. Ҳақиқатда ҳеч кимга сир эмаски, дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можоролар, инсониятни эмин-эркин, тинч-тотув яшаши учун бўлаётган тўсиқлар дунё ҳамжамиятини бирдам бўлишга, ўзаро аҳл бўлишга ундайди. Бу борада муҳтарам юртбошимиз ўз мақолаларида: “Бундай мураккаб шароитда бир хақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас”, деб таъкидлаганлар. 

Аллоҳ таоло инсониятни доимо яхшилик, эзгулик ва бирдамлик учун ўзаро ҳамкорлик қилишга чақиради. Бу борада муқаддас Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида қабул қилинадиган қарорлар минтақавий даражада ҳам, глобал миқёсда ҳам мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, турли халқлар, миллатларни  янада бирлаштиришга хизмат қилади деб, ишонамиз.

Яратгандан бу саммитда қабул қилинажак қарорлар, ўзаро битимлар ва эзгу ғояларни амалга ошиши, халқларимиз учун манфаатли бўлишини сўраб қоламиз.

 

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим

юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари