ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИКНИ АСРАШ — ДАВР ТАЛАБИ

18

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар истиқлолнинг ўтган қарийб ўттиз бир йилига назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиёналар бир-бирига уланиб кетмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.

Агар нотинчлик ҳукм сураётган юртларга назар ташласак, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка минг бора шукр қиламиз.

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

Мустақиллик шароитида этник мунособатлар ва дин соҳасида олиб борилаётган изчил ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлар ва конфессиялараро ҳамкорлик қарор топди. Конституциямизда «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деган тамойилнинг мустаҳкамлаб қўйилиши эса, бу борадаги ишларнинг қонуний асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Тинчликнинг қадрига етиш, уни сақлаб туришда оилада ота-онанинг роли катта. Ота-она фарзандларига тинчлик олий неъмат эканлиги, тинчлик ҳукм сураётганлиги сабабли фаровон ҳаёт кечираётганимизни мунтазам тушунтириб боришлари даркор. Айниқса, аёл киши болалари тарбиясига масъул бўлгани учун ҳам болаларига тинчлик ўзи нима экани, бугунги кундаги мустақиллигимизга осонлик билан эришмаганимиз, унинг қадрига етишимиз кераклигини тушунтириш билан бир қаторда фарзандларида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғусини шакллантириб бориши зарур. Шундагина фарзандларимиз элим-юртим деб ёниб яшайди ва жамиятга керакли шахс бўлиб етишади.

Дин ниқобидаги турли бузғунчи оқим ва фирқалар мамлакатдаги тинчлик, осойишталик, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳилликка раҳна солиш мақсадларидан қайтишгани йўқ. Бу эса ҳар биримиздан доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишни, уларнинг диний билими ва саводхонлигини тинмай ошириб боришни, шу йўл билан жаҳолатга маърифатни қарши қўйиб, улар қалбини четдан бўлаётган барча хуружлардан қатъий ҳимоя этишни талаб этади. Бу борада ҳамма бирдек ҳаракатда бўлиши, огоҳ бўлиши, юртимиз тинчлиги, барқарорлиги учун ўзаро ҳамкорлик қилиши даркор. Лоқайдлик, бепарволик ёки ўзим омон қолсам бўлди каби нотўғри фикрда юрган кимсалар оқибати нимага олиб келиши тўғрисидаги ҳадис шарифни ўрганиш кифоя қилади. “Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкан”, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар, ҳаммалари ҳалок булурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳа, жамиятда бир илллатни олдини олган, уни кўрганда қарши курашган биргина инсон, бутун бир миллатни қўтқарган бўлади. Халқимизда “Бирники мингга – мингники туманга” деган мақол бежизга эмас, албатта.

Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида қадрлаймиз”, деган сўзлари ҳар кимнинг шиори, кундалик вазифаси ва қалбидаги энг эзгу мақсади бўлмоғи даркор.

  Ў. Ғузаров

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири