ШҲТ саммитига бағишланган почта маркасининг тақдимоти бўлиб ўтди
23

Қўлингизда кимдандир келган мактуб. У билан танишиб, номани хатжилдга қайта жойлайсиз. Шу дамда хатжилддаги почта маркаси эътиборингизни тотади. Уни, одатда, кўпчилик эринмай томоша қилади. Маркада акс этган тасвирларнинг маъносини англашга уринади.
ШҲТ саммитига бағишланган почта маркасининг тақдимотида иштирок этар эканман мана шу ўйлар хаёлимдан ўтди.
Саммитга бағишланган янги марка ҳам ўзига хос, тасвирлар хотирада сақланиб қоладиган қилиб ишланган. Асосийси, Самарқанд ва ШҲТ ҳақида яхши тасаввур беради. Унда акс этган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларининг байроқлари, саммит логотипи ҳамда Самарқанд шаҳрининг герби эътиборингизни тортади.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти томонидан ўтказилган тақдимотда тегишли соҳа ходимлари, экспертлар ва журналистлар иштирок этди.
– Почта маркасининг орқа фонида Шарқ дурдоналаридан бири сифатида тан олинган, Самарқанд шаҳрининг рамзига айланган Регистон майдони тасвири акс этган, – дейди “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти “Ўзбекистон маркаси” филиали директори Санжар Низомов. – Марка бир неча рангда, ёрқин бўлишига эътибор қаратилган. Бугунги тадбир доирасида махсус хотира штемпели билан маркани сўндириш тадбири ҳам ўтказилди. Бунда Самарқанд саммити логотипи туширилган махсус хотира штемпелидан фойдаланилди.
ШҲТнинг Самарқанд саммити доирасидаги тадбир ва учрашувлар давом этмоқда.
Икром Аввалбоев, Муқимжон Қодиров(сурат), ЎзА
