Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад…

29

Бугун энг кўп тарқалган ва энг сезилмас, айни чоқда, ўта юқумли ва хатарли маънавий хасталиклардан бири ҳасаддир.

Ҳасад – бир инсон ўзидан бошқада бўлган нарсани ундан йўқ бўлиб ўша нарсага ёки шунга ўхшаш нарсага ўзининг эга бўлишини хоҳлашдир. Ҳасад Аллоҳ таоло бандалари орасида тақсимлаган нарсага рози бўлмасликдан келиб чиқади.

Қалб касаллиги ичида энг зарарли ва ёмонроғи — бу ҳасаддир. Ер юзида энг биринчи содир этилган қотиллик ва қон тўкишга сабаб бўлган нарса ҳам ҳасад эди. Ривоятларда келтирилишича, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли Ҳобил ва Қобил Аллоҳ учун қурбонлик қиладилар. Ҳобил ўзининг энг яхши молини қурбонлик қилди ва у қабул қилинади. Бундан ҳасад қилган Қобил ўз инисини ўлдиришни истади. Ҳасад орқали туғилган истак охир-оқибат амалга ошди. Ҳасад шундай катта жиноятни келтириб чиқарганининг ўзи ҳам унинг нақадар ёмон ва хатарли иллат эканлигини кўрсатади.

Агар одамлар ўзида борига шукур қилиб, ўзида йўқ нарсага эътибор қилмаса, озгина нарса ҳам уларни қониқтиради. Инжиқлик, носамимийлик, шуҳратпарастлик каби иллатлар айнан ҳасаднинг доясидир. Кимнинг феълида шундай қусурлар бўлса-ю, уларни бартараф этмаса, бир кун бориб ҳасадгўйга айланиб қолади.  Ҳасаднинг дастлабки аломатларидан бири, бу ғийбатдир.

Шахсий камолот йўлида ишлатилиши мумкин бўлган куч-қувват инсонни емирувчи ҳиссиётга сарфланмоқда. Олимлар бир кунлик ҳасад уч кунлик оч яшашга ўхшаш таъсир қилишини аниқлашган. Ҳасаддан одам кўкариб кетиши, ошқозон яраси орттириб олиши, ундан тақдир юз буриши, истиқболида омад эшиклари тақа — тақ бекилиши мумкин.

Одатда, ҳасад атрофингиздаги кимнидир ёқтирмай қолишдан бошланар экан. Касбдошингиз ёки ҳамхонангизнинг кийиниши, эзмалиги, бирор қилиғи ғашингизни келтира бошладими, мабодо, бу кайфият унинг сиздан кўра омадли ёҳуд ишлари авждалигидан эмасми? деган андиша пайдо бўлсин. Шундан сўнг “рақиб”ингизни оқлайдиган важлар қидиринг ва унинг ўзингиз учун ёқимли тимсолини яратишга эришинг. Ички иқрор билан мардона: “Ҳа, мен бу одамга ҳасад қилаяпман, бироқ, унинг ҳеч ёмонлиги йўқ, фақат яхши фазилатлари кўп экан”, деб тан олинг. Ана шундай эътироф бошланган пайтдан ҳасаднинг емирувчи кучи ўтмаслашиб, ўз-ўзингизни танқид қилиши босқичи бошланади.

Узоқ умр кўрган кишилардан кўп яшашнинг сири сўралганда ҳам, бир қатор омиллар қаторида ҳеч қачон бировга ҳасад қилмаганини қайд этишади. Демак, ҳавас билан яшаган одамни Аллоҳ ҳам ёрлақар, унга узоқ умр ва етарли ризқ ато қилар, халқ ҳам эҳтиром ила эъзозлар экан.

Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади. Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади”, дедилар.

Ислом уламолари ҳасаднинг зарарларини қўйдагича санаб ўтганлар: ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўлади, ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади, ҳасад эгасининг обрўсини пасайтиради, ҳасадчини одамлар ёмон кўради, ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади, ҳасад катта ёмонликларнинг ўчоғи ҳисобланади ва  ҳасад ахлоқсизлик аломатидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида икки тоифа кишиларга ҳасад қилиб, уларга ўхшашга ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида шундай марҳамат қиладилар: “Икки кишидан бошқаларга ҳасад қилинмайди. Улардан бири Аллоҳ таоло унга мол бериб, уни яхшилик йўлида сарфлашга муяссар қилган кишидир. Иккинчиси, Аллоҳ унга илм (ҳикмат) бериб, у ўша илми билан амал қиладиган ва уни бошқаларга ўргатадиган кишидир”.

Хулоса ўрнида, инсон бошқа бир кишига етган неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлаган ҳолда, унга ҳавас қилиб ўша неъматни ўзига ҳам берилишини ният қилса, Аллоҳ унинг дуолари ва ниятини ижобот қилади.

Ўткир Ғузаров,

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус

 ислом билим юрти мудири