СОХТА ТАРИҚАТЧИЛАР
9

Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ бебаҳо маънавий-маданий меросимизни холисона ўрганиш ва тиклашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида катта эътибор бериб келинмоқда. Юртимизда дин эркинлиги яратилган бугунги кунда баъзи ўзларини тасаввуф ва тариқатга мансуб деб биладиган кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, айтаётган сўзлари кўпчиликни ажаблантирмоқда. Уларнинг оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилишлари, ҳар хил нотўғри фатво ва қарашлари муқаддас динимизга доғ бўлиб тушмоқда.
Тариқат, тасаввуф аслида руҳий-маънавий покланишга даъват этадиган инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи таълимотдир. Унинг намоёндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Саодат асри ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ҳам Ақоид, Фиқҳ, Ислом тарихи ва бошқа диний илмлар қатори Тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиқмаган эди.
Биз бугунги кунда тасаввуф борасида содир этилаётган хатоларни тан олган ҳолда, ундан тегишли хулоса чиқариб, уларни тезда тўғрилаб олмоғлигимиз керак бўлади. Акс ҳолда, мўмин-мусулмонларнинг маънавияти ва бирдамлиги учун улкан хизматлар қилган тасаввуфнинг шаънига доғ тушириб қўйишимиз ҳеч гап эмас.
Ҳозирги вақтда ўзини тасаввуфга мансубман, деб ҳисоблайдиган айрим кимсалар “Тариқат ҳақиқатдир, шариатни ўрганиш шарт эмас” десалар, баъзилари шариат илмлари ва бошқа илмлар билан машғул бўлганларни адашиб юрганлар деб атаб, уларга паст назар билан қарашади. Ваҳоланки, Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақиқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”.
Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳ: “Шариатсиз тариқатга кирганларни шайтони лаъин имонини олар эмиш”, – деганлар.
Бугунги кунда аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адашмаслигимиз ҳамда амалларимизнинг ҳабата бўлишлигидан асрашлигимиз учун тасаввуф ҳақида етарли илм ва маълумотга эгa бўлишликка интилмоқлигимиз ва бу борада юртимиздаги уламоларимизга эргашмоқлигимиз жуда зарурдир.
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
