ИСТИҚЛОЛ ТУЙҒУСИ!!!

13

Юрт, ватан, маскан неъмати Аллоҳ таоло бандасига ато қилган буюк неъматлардан саналади. Шу ватан ва юртни тинч айниқса мустақил бўлиши эса яна бир муҳим ва юксак неъматдир. Бундай қадри баланд инъомни фақат ватанига содиқ, юртига, халқига, динига ишончли ва омонотдор кишигина ҳис қила олади. Ўзи ватан қадрини билмаса, ватангадо бўлса, динга фитна солувчи, халқини васвсавга тушурувчи кимса бўлсачи, ундайларда истиқлол ва ватан туйғуси топилмайди.

Шу ўринда Аллоҳ таолонинг Аъроф сураси 10-оятида марҳамат қилган бир ояти каримасини келтириб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таоло қуйидача айтади:

“Батаҳқиқ, сизларга ер юзида қудрат ва имкониятлар бердик ва унда сизлар учун яшаш воситалари қилдик. Қанчалар оз шукр қиласизлар-а?!”.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримасида ўз бандасига ер юзини қароргоҳ қилиб қўйгани, унга тоғлару анҳорлар, манзил-маконлар қилиб қўйгани шу билан бирга улардан фойдаланишга рухсат бергани, ердан ризқ-рўз ўниши учун булутларни хизматга шай қилгани ва бу ерда яшаш учун касб-ҳунарларни яратиб қўйганини айтиб, сўнгида шунча неъматларни берсада бандаи ожиз оз шукр қилиши ва шу озини ҳам озчилик қилиши ҳақида айтиб ўтмоқда.

“Батаҳқиқ, сизларга ер юзида қудрат ва имкониятлар бердик”, демоқда. Яшаш учун қудрат, ҳуррият бўлсагина бўлади, яшаш учун имконият эса юрт ватан душмандан мустақил бўлсагина амалга ошади, юрт қарам бўлса, ватан беқарор бўлса, динсизлик, бузуқлик авж олса, бу юртда яшашга қудрат қаёқда, ватан нотинч ва мустақиллиги бўлмаса, эрки қўлида бўлмаса, у ватанда меҳнат ва ибодатга имконият топиб бўладими?. Қудрат ва имконият мустақиллик ва фаровонлик неъматига боғлиқдир. Мустақиллик бўлмаса, яхши яшаш ва ибодатлар тинч тарзда амлага ошиши қийин.

“Унда сизлар учун яшаш воситалари қилдик”. Тинчлик ва мустақиллик бор ватанда яшаш воситалари топилади ва топилганда ҳам ўзгага қарам бўлмаган ҳолатда топилади. Юрт фарзанди бошқа бировга қул ва қарам бўлсачи, унда турли яшаш воситларидан фоидаланиш эрки бўлмайди. Аллоҳ таоло шундай улуғ неъматларни санаб бўлиб, сўнгида:

“Қанчалар оз шукр қиласизлар-а?!”, демоқда. Ҳа, биз ожизлар юқоридаги неъматларни ким берганини ва қанча гуноҳда давом этсакда, тўхтатмай бераётган Буюк Зотни ёддан чиқарамиз, бу неъматларга сабабчи бўлган кечани кеча демай меҳнат қилганларнинг меҳнатини ёддан чиқарамиз, Яратувчисига шукр, бандасига ташаккур айтмаймиз. Ҳа, ҳақиқатдан шукр қилувчилар камчиликни ташкил қилади, бори ҳам оз шукр қиламиз.

Демак, ҳар бир ватан аҳлига доим ва доим шукр қилиш зарур. Шукр эса тил билан бирга энг аввало ибодат орқали бўлгани афзал. Ибодат билан қилинган шукр энг улуғ шукр саналади. Шу билан бирга юрт мустақиллиги бардавом бўлиш учун иғво-ю миш-мишлардан сақланмоқ керак.

Аллоҳ таоло бизларни ўзининг кўп шукр қилувчи ва мустақиллик неъмати қадрига етувчи суюкли бандаларидан қилишини Ўзидан сўраб қоламиз.

Саидмуҳаммадхон Довудхон ўғли

«Хожа Бухорий» ислом билим юрти ўқитувчиси

Халқаро ислом академияси 1-босқич таянч докторанти