Уч кун халифасиз яшаш…!

18

Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Икки олам сарвари Муҳаммадга мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.

Ҳизбут таҳрир аъзолари ҳар икки гапнинг бирида уч кундан ортиқ халифасиз яшаш харомдир деган гапни кўп такрорлайдилар.

Бунга улар қуйдагича фикр билдирадилар: «Халифалик бу, ислом шариати ҳукмларини жорий этиш ҳамда ислом давлатини бутун оламга олиб чиқиш демакдир».

Бунинг учун Тақийюддин Набаҳоний: «Оламнинг барча мамлакатларидаги мусулмонлар ўзлари учун битта халифа сайлаб олишлари фарздир. Бу фарзни адо этиш Аллоҳнинг мусулмонларга фарз қилган бошқа ҳар қандай фарзларини адо этиш кабидир», халифани «сайлаш ишини бажармасликда ҳамма мусулмонлар қаттиқ гуноҳкор бўладилар» деб таъкидлаган.

Ҳизбут таҳрир аъзолари бу гапларининг ҳақиқат эканлигини исботлаш учун Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қилинган ҳадисни келтирадилар:«Кимки имомсиз яъни халифасиз ҳаётдан кўз юмса, у жоҳилият замонида ўлгандек ўлибди». (Имом Аҳмад ривояти).

«Ҳизбут таҳрир фирқасининг даъволарига раддия беришдан олдин, шуни таъкидлашимиз лозимки, биринчидан, халифалик сўзи Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган эмас. Иккинчидан, Қуръонда бу сўз ва унинг турдошлари давлат тизими маъносида эслатиб ўтилмаган.

Фақатгина Қуръони Каримда келган ояти каримада Аллоҳ таоло фаришталарга хитоб қилиб, «Эсланг, (Эй, Муҳаммад!) Роббингиз фаришталарга «Мен ерда халифа (Одам) яратмоқчиман»,-деганида, (улар) айтдилар:» Унда (ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: «Албатта, Мен сизлар билмаган нарсани билурман».

Келинг, шу ўринда халифа сўзига бироз изоҳ бериб ўтайлик. Халифалик ислом давлати тизими бўлиб, еттинчи асрда Арабистон ярим оролининг ғарбий қисмида вужудга келган. Тарихда халифалик давлатининг вужудга келиши ислом динининг ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, халифа халифалик давлатининг диний ва сиёсий ягона раҳбари ҳисобланган. Халифа арабча сўз бўлиб, «ўринбосар» деган маънони англатади.

Шаръий истилоҳда эса, диний ҳукмларни юритишда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ўринларида турган одамга айтилади. Бу олий мансабга эга бўлаётган кишида бир неча муҳим шартлар топилмоғи лозимдир.

  1. Илм бўлмоқлиги; Аллоҳнинг ҳукмларига олим бўлмоқлиги;
  2. Адолат; Аллоҳнинг ҳукмларини ва инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этишда одил бўлмоқлиги;
  3. Кифоят; Халқини ҳимоя қилишга ва душман билан жиҳод қилишга қодир бўлмоқлиги;
  4. Жисмоний ва фикрий жиҳатдан соғлом бўлмоқлиги;
  5. Қурайший; Қурайш қабиласига мансуб бўлмоқлиги ва бошқалар.

Демак барча шартлар топилсагина халифаликка лойиқ киши ҳисобланади. Бунга пайғамбаримиз (с.а.в)нинг «Халифалик қурайшда» деган ҳадислари ҳам далолат қилади. Бу ҳадиси шарифда ҳам халифаликка лойиқ одам Қурайш қабиласидан бўлмоқлиги таъкидланмоқда.

Мана шу халифалик икки хил бўлади. Биринчиси, комил халифалик ва иккинчиси эса, ноқис халифалик. Комил халифалик Али (р.а)дан сўнг тамом бўлгандир.

Ҳанафий мазҳабининг етук олимларидан бири бўлган Ҳазрати шайх Аҳмад ал-Жуванфурий ўзларининг «ат-Тафсиротул Аҳмадия» номли мўътабар китобларида айтадилар: «Билиш лозим бўлган нарсалардан бири шулки, комил халифалик Ҳазрати Али (р.а)нинг халифаликларидан сўнг тамом бўлгандир Бунинг асоси пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳукмларидир: «Халифалик мендан сўнг 30 йил давом этади, сўнгра тишлаб тортилган подшоҳликка айланади». Бу ҳадиси шарифни пайғамбаримиз (с.а.в) мўъзижа тариқасида башоратини бериб кетдилар ва буни тарих ҳам исботлаб ўтди. Худи айтганларидек, ўзларидан сўнг халифалик 30 йил давом этди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки Аллоҳ таоло каломида, пайғамбаримиз (с.а.в) эса, муборак ҳадисларида уч кундан ортиқ халифасиз яшаш харом эканлигини баён қилмаган. Агар шундай бўлганда, Аллоҳ таоло Қуръони каримда аввало ўша амални буюрмаган бўлмасмиди, ёки пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам бу нарсанинг зарурлигидан қиёматгача бўладиган умматларига, баён қилиб айтмасмидилар. Албатта, Аллоҳ таоло инсоният, башарият қиёматгача бўйсиниши лозим бўлган амалларни бекаму-кўст баёнини муфассал келтириб қўйгандир. Бу нарсани барча мўмин-мусулмонлар очиқ-ойдин эътироф этадилар.

Агар уч кундан ортиқ халифасиз яшаш харом бўлса, қанча-қанча мусулмонлар, олиму-уламолар, дин пешволарининг қилган амаллари, панду-насиҳатлари, улар томонидан келажак авлодлар учун қолдириб кетилган том-том китоблари, қилган ижодлари халифасиз муҳитда яшаганликлари боис ботил бўлади деган маъно чиқади.

Қодиров Омон
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси