СЎКИШ ВА ҲАҚОРАТ – ОҒИР ГУНОҲ
42

Муқаддас Ислом дини кишиларни ўзаро хуш муомалада бўлишга, жаҳли чиққанда ғазабини босишга, ҳар бир инсонга ҳурмат билан қарашга, инсонга етадиган ҳар-бир яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан эканлигига иймон келтиришга чақиради. Инсон маънавий дунёсининг бой ёки қашшоқ эканлиги унинг инсонларга қилган муомаласидан маълум бўлади.
Бизнинг жамиятимизда учраб турадиган катта камчиликлардан бири сўкиш ва ҳақорат қилишдир. Жамоат жойларида туппа-тузук инсонларни беҳаё сўзлар билан бир-бирини ёки номаълум нарсаларни сўкаётганини эшитиб қоламиз. Ҳаттоки гапининг ҳар-бир жумласига сўкиш сўзларини аралаштириб гапирадиган инсонлар мавжуд. Айрим ёшлар бир-бирига энг қаттиқ ҳақорат сўзларини ишлатишганда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек кулиб қўйишади. Бу инсонлар ўзлигини, яъни Аллоҳ таоло уни инсон гавҳари қилиб яратганини, унинг зиммасига юксак маънавиятли, маданиятли комил инсон бўлиш вазифасини қўйганлигидан бехабар кўринади.
Биз ҳаётда нима учун ҳаммага меҳрибон, ширинсўз, фаол, атрофидаги инсонларга бефарқ бўлмаган фидойи инсонларни яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз. Сўзлаганда сўкиш ва ҳақорат сўзларига одатланган инсонни ким яхши кўради? Улар шубҳасиз оила даврасида ҳам ушбу сўзлардан фойдаланишади ва бу нарса унинг даврасида ўтирган фарзандларига қандай таъсир кўрсатади? Оила бошлиғининг маънавий намуна бўлиши қаерда қолади? Биз гоҳида ёшларни салом бермаётганидан шикоят қиламиз, ваҳоланки сўконғич отадан тарбия топган боладан нимани кутиш мумкин? Оғзидан эшитилганда башарани ўзгартирадиган сўзлар чиқиб турган инсон инсоний сифатлардан узоқлашиб, ҳайвоний сифатларга яқинлашиб қолмайдими? Зеро буюк бобомиз Алишер Навоий айтганлар:
Инсон борки инсонларнинг нақшидур,
Инсон борки ҳайвон ундан яхшидур.
Хўш, сўкиш ва ҳақорат маъноларига динимиз қандай муносабат билдиради: Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар”. (Аҳзоб сураси, 58-оят). Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар-да озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса-беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир”. (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди”. Сўнг: “Тақво мана бу ердадир”, дея кўксиларига уч марта ишора қилдилар ва: “Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир”, дедилар (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир”. (Муттафақун алайҳ)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради”, дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда”, дедилар. (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис)
Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифлардан билиб олдикки, беҳаё сўзлар билан инсонларга озор берадиган кишиларнинг яхши амаллари ҳам ёрдам беролмас экан. Жамоат жойларида турган вақтимизда бир киши бошқа кишини ҳақорат қилганда ҳам қалбимизга озор етади. Сўзлаганда ҳар-бир сўзни ўйлаб гапириш оқил кишилар одатидир.
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Одам фарзандининг ҳар бир каломи ўзига зиёндир. Магар яхшиликка буюриш ё ёмонликдан қайтариш ёки Аллоҳни зикр қилиш бундан мустасно”. (Термизий, Ибн Можа ривояти)
Аллоҳ таолодан ҳар биримизга ширинсўз, бағрикенг, босиқ, мулоҳазали бўлишга тавфиқ беришини ва жамиятимизни юксак маънавиятли инсонларга тўлдиришини сўраб қоламиз.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлари бўйича мудир ўринбосари
