КАСБ – ҲУНАР ФАЗИЛАТИ
43

Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини ҳам бошқа жонзотларники каби азалдан белгилаб қўйган. Фақатгина инсон ақлли махлуқ бўлгани учун касби -кор, ҳалол меҳнат қилиб, ризқини ҳалолдан топиб умр ўтказишга буюрилган. Инсон меҳнат, касб-ҳунар билан обрў ва шараф орттиргани каби, оила аъзоларининг эҳтиёжларини таъминлайди.
Уламоларнинг сўзларига кўра: “Ўзини ва оиласини таъмин этадиган миқдорда меҳнат қилиш вожиб, ундан зиёдаси учун меҳнат қилиш мубоҳдир”. Бандалар Аллоҳ таолонинг буйруқларини беками-кўст адо қилиши учун либос ва нафсининг озуқасига муҳтож. Банда бунга фақат меҳнат қилиш билангина етишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони карим Жума сураси 10-оятида шундай марҳамат қилган: “Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”. Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилишлик, меҳнат қилишлик динимизда буюрилган иш экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларга мурувват қилиш мақсадида ҳалол меҳнат орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, Қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”, деганлар.
Бундан ташқари, ҳалол касб қилиш ҳам ибодат ва солиҳ амаллардан ҳисобланиб, у инсоннинг содир этган баъзи гуноҳларига каффорат ҳам бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган меҳнат, касбгина каффорат бўлади” деганлар.
Собит Баноний раҳматуллоҳ алайҳ деган улуғ зот айтадилар: “Менга айтишларича, ибодатлар ўн бўлакдир: тўққиз бўлаги тирикчилик талабидаги меҳнатда ва биттаси ибодатдадир”.
Ҳаким Абул Қосим айтадилар: “Ҳалол меҳнат қилиш иффатли камбағални гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожлигини беркитади, пасткаш ғийбатчининг тилини кесади”.
Касбу ҳунарли, меҳнаткаш бўлиш Пайғамбарларнинг одатидир. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирчилик касбини ўргатди. Темирлар у кишининг қўлида худди хамирдек юмшоқ бўлиб қоларди. Довуд алайҳиссалом ишдан бўш вақтларида совут ясардилар сўнгра уни сотиб ўзи ва оиласининг эҳтиёжларига сарфлар эдилар.
Довуд алайҳиссаломнинг вафотидан кейин у кишининг ўрнига Пайғамбар бўлган ўғли Сулаймон алайҳиссалом инсонлар ва жинларнинг подшоҳи эди. У кишига шамоллар бўйсундирилган, барча ҳайвонотнинг тилини билар эдилар. Мана шу Сулаймон алайҳиссалом одамларга минбарда хутба қилаётганларида, қўлларида палма дарахтининг новдалари бўлар эди, ундан сават ёки шунга ўхшаган бирор нарса ясаб турар эдилар. Агар тўқиб бўлсалар, бир кишига бериб: “Бозорга олиб бориб сот”, дердилар.
Бу икки зотдан ташқари Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дуродгорлик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Иброҳим алайҳиссалом газлама савдоси, Закариё алайҳиссалом дурадгорлик билан шуғулланганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам савдогарлик касби билан шуғулланганлар. Энг улуғ зотлар бўлмиш Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари, касблари билан топганлари инсоният учун буюк ибрат бўлмоғи лозим.
Шу пайтгача ўтган улуғларимиз, авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланганлар. Ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди, таъмадан узоқ бўлади. Зеро, халқимизда ҳам “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдурки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур. Шунинг учун ёшларимиз вақтдан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи ва ҳалол меҳнат қилмоғи мақсадга мувофиқдир. Чунки, ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир. Улуғларимиз ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, йигитликнинг безаги ва зийнати ҳалол меҳнат ва касб орқасидан дейишган. Фарзандларини илму ҳунарли бўлишларига ота-оналар жиддий эътибор қаратишлари лозим.
Инсон Аллоҳ таоло берган қобилияти ва ақл идроки туфайли орттирган касбидан фақат хайрли мақсадларда фойдаланиши, ўзидан сўнг шогирдлар етиштирмоғи ҳам зарурдир.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти маънавий-
маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
