ТУҲМАТДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

16

Маънавий жиноятлар ҳақида сўз кетар экан, уларни моддий, яъни жисмонан ҳис этиладиган жиноятдан ҳам ёмонроқ эканлигини таъкидламоғимиз лозим бўлади.

Бир киши иккинчи кишини бир шапалоқ урса ёки кийимини йиртса, жиноятчи ҳисобланиши турган гап. Аммо ўша одам иккинчисига нисбатан маънавий жиноят қилса, яъни, беодоб гап билан  ёки ғийбати ва бўҳтони билан юраги хасталаниб йиқилишига, баъзан бу дунёдан кўз юмишига сабаб бўлса, жазосиз қолаверади.

Аввало маънавий жиноятлар инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол қилиш эканини таъкидлаб ўтмоқ лозим. Чунки, бу жиноятлар одатда кишиларнинг обрўйини тўкишга сабаб бўлади. Инсоннинг обрўйини тўкиш эса, Ислом динининг таълимотлари бўйича катта жиноят сифатида баҳоланади.

Демак, бир мусулмоннинг иккинчи мусулмонни ўлдириб, қонини тўкиши, молини ўғирлаб ёки тортиб олиши қанчалик гуноҳ бўлса, обрўйини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳдир. Шунинг учун ҳам Исломда одамларнинг обрўйини тўкишга сабаб бўладиган ғийбат, чақимчилик, бўҳтон каби маънавий жиноятлар гуноҳи кабира, яъни, катта гуноҳ ҳисобланиб, гуноҳкорни оқибатда аянчли азоб – уқубатлар кутади. Бундай кишилар ҳар қанча тавба қилсалар ҳам, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечирмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг бу гуноҳни кечириш – кечирмаслиги улардан зарар кўрган, улар томонидан обрўйи тўкилган кишиларнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади.

Буюк бобокалонимиз Имоми Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган қуйидаги суҳбатни ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нималигини биласизларми?”, деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва унинг расули билувчироқ”, дедилар. У зот: “Биродарингни унга ёқмаган нарса билан зикр қилишинг”, дедилар.

Шунда: “Айтингчи, мен айтадиган нарса биродаримда бўлсачи?”, дейилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар айтган нарсанг унда мавжуд бўлса, бу, батаҳқиқ, унга ғийбат қилганингдир, агар айтганинг бўлмаса, унга бўҳтон қилганингдир”, дедилар.

Демак, бир одамни орқасидан, ўзи йўқ пайтида, ўша одамга ёқмайдиган гаплар билан эслаш ғийбат бўлади. Ғийбат гуноҳи кабира катта гуноҳлар қаторига киради. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни эшитган одамнинг ҳам вужуди титраб кетади.

Бўҳтон эса, бир кишини айблаш учун унинг ўзида йўқ иллатлар билан айблаш экан, энди бу нарса ғийбатдан неча марта катта гуноҳ эканини тасаввур қилиб олса бўлади. Шаръий манбааларга мурожат қилганимизда, ғийбат билан бўҳтоннинг бир – биридан яқин жойга, айнан бир бобларга қўйилганини кўрамиз. Аммо, ғийбат тўғрисидаги маълумотлар, воқеликдан келтирилган мисоллар кўп бўлгани ҳолда, бўҳтон ҳақидаги маълумотлар нисбатан оз учрайди. Бу ўша пайтларда, Ислом дини тарқалишидан аввалги инсоният жаҳолат ботқоғига ботган дамларда, барча разолатлар ривож топган бир замонда ҳам бўҳтон қилишга, бир одамни ўзида йўқ иллат билан айблашга журъат қиладиганлар оз эканлигига далолатдир. Ҳар қандай қабиҳликни киприк қоқмай қила берадиган жоҳилий инсоннинг ҳам бўҳтонга келганда журъат эта олмай қолишини кўрсатади. Ўша пайтларда бўҳтон қилиб бир одамнинг обрўйини тўкиш тор доира билан чегараланган. Яъни бир қабила, қишлоқ ва шаҳар миқёсидан ташқарига чиқмаган.

Бўҳтончи бу дунёда жазосини олмасдан ўлиш билан қутулиб қолмайди. У дунёда ҳам бўҳтони учун азоблар бир неча бор оширилиб берилади.

Имоми Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир одамни айблаб, унда йўқ нарсани айтган бўлса, Аллоҳ таоло уни айтган нарсасидан халос бўлгунча жаҳаннам оловида куйдириб туради”, дейдилар. Бошқа бир ривоятда эса “қандоқ қилиб ҳам халос бўлар эди”, дейилган.

Демак, у одам абадий дўзах ўтида куйиб туради. Уламоларнинг айтишича, одам ҳар доим бир хилдаги азобни чекаверса ўрганиб қолиш эҳтимоли бор экан. Шунинг учун дўзахийларнинг енг бадбахтларига алвон – алвон азоб берилар, бирига энди ўрганганда иккинчиси, аввалгисидан шиддатлироғи бошланар экан.

Ўткир Ғузаров,

“Хожа    Бухорий”    ўрта   махсус

  ислом   билим  юрти мудири