БЕМОРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ – ИНСОНИЙ БУРЧ

29

Аллоҳ таоло Ўз хоҳиш-иродаси билан баъзи бандасига дард бериб, у сабабли бандаларининг хато-камчиликларини ўчириб, гуноҳларини ювади. Халқимизда “Иссиқ жон, иситмасиз бўлмас” деган нақл бор. Албатта, бу нақл бежиз айтилмаган. Зеро, хасталик гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)!” Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир (Бақара сураси, 155-157 -оятлар).

Бемор кишининг ҳолидан хабар олиб, кўнгил сўраш – мусулмонларнинг вазифаси бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бешта: саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозада қатнашиш, чақирилган жойга бориш, аксирган кишига (“Ярҳамукаллоҳу…”, деб) жавоб айтиш” (Имом Бухорий,  ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири – касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани боришлик экан.

Беморни зиёрат қилиш фазилати ҳақида ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бир мусулмон бошқа бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади” (Имом Термизий ривояти).

Беморларни зиёрат қилиш биринчи навбатда яқин қариндошлардан бошланади. Бу ўз навбатида динимизда буюрилган қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкамлигини таъминлайди.

Беморларни зиёрат қилиш фазилати ва уларнинг қалбига хурсандчилик киргизувчи ҳадислардан бири – қуйидаги ҳадиси қудсий бўлиб, унда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Аллоҳ таоло бундай дейди: “Аллоҳ таоло қиёмат куни бундай дейди: “Эй одам фарзанди, (нега) мен касал бўлганимда мени кўргани қилмадинг? Банда эса: “Эй Раббим, ахир Сен оламлар Парвардигорисан, қандай сени кўргани бораман?” Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Сен фалончи бандамнинг касал эканини билиб туриб, нима учун уни кўргани бормадинг? Билмайсанми, агар ўша касални зиёрат қилиш учун олдига борганингда, унинг ҳузурида мени топардинг?” (Имом Муслим ривояти).

Афсуски, ҳозирги кунда шу нарсаларни гувоҳи бўламизки, баъзи кишилар кексайиб қолган ота-оналари ва яқин қариндошлари, маҳалладошлари, касбдошлари, дўстларини бориб кўриш учун вақт йўқлигини сабаб қилиб, зиёрат қилишга, дуоларини олишга бормайдилар. Бу билан кўп савоблардан бенасиб қоладилар. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга касал бўлган биродарларимизни зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олишга ундаб шундай деганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар ва улардан ҳаққингизга дуо қилишларини сўранглар. Чунки касалнинг дуоси фаришталарни дуоси каби мустажобдир ва унинг гуноҳлари кечирилгандир” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилган).

Динимизнинг гўзал ҳикматлари ва Аллоҳ таолонинг биз бандаларига меҳрибончилигини қарангки, биз агар бир бемор биродаримизни кўриш учун борсак, гўёки унинг оғирини енгил ва дардига шифо тилаб қайтамиз ва асосий мақсад шу билан ҳосил бўлади, деб тушуниб қолганмиз. Ваҳоланки, Раҳимли Парвардигоримиз шу савобли ишда ҳам биз бандаларига кўпроқ ажр-савоб топиш ва дуоси мустажоб бўладиган инсонларнинг дуосидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар қилди.

Хулоса ўрнида, имконимиз бўлса, ҳар биримиз бундай буюк савобли ишда бир-биримиз билан мусобақа қилишимиз айни муддаодир.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари