Илм олишда ният қандай бўлиши керак?
35

Айни кунларда юртимиз бўйлаб 2022-2023 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари давом этмоқда. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўғил-қизларимиз яқин кунларда талабалик бахтига сазовор бўлишади. Инсон ҳаётида илмнинг тутган ўрни жуда муҳим бўлгани каби, илм олишда ният ҳам жуда муҳим нарса ҳисобланади. Шуни таъкидлаш лозимки, илм — хоҳ у дунёвий ёки диний бўлсин, ўзи, яшаб турган жамияти, Ватани, динининг равнақи учун бўлса, Аллоҳ таоло илм аҳли учун ваъда қилган мукофотларга албатта эришади.
Толиби илм учун илм таҳсил қилиш чоғида ниятини тўғри белгилаб олиши лозим ишлардан ҳисобланади. Чунки, ният барча ишларда асл нарсадир. Бу борада сарвари коинот Ўз ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Албатта амаллар ниятга боғлиқдир”.
Бошқа бир ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча сурати дунёвий бўлган амаллар борки, ниятни чиройли қилиш билан охират амалига айланади ва қанчадан қанча охират суратидаги амаллар борки, ниятни нотўғрилиги сабаб дунё амалига айланади”, деганлар.
Шу ўринда савол туғилиши табиий. Илм олишда ният қандай бўлиши керак? Ушбу саволга жавоб ахтариб муътабар китобларимизга мурожаат қилсак, талаба учун авваламбор илм олишдан мақсади Аллоҳнинг розилиги бўлиши кераклиги, ўзидан жоҳилликни кетказишни мақсад қилиши, оиласи, ватанининг равнақи учун хизмат қилиши, ота-онасининг хизматларини оқлаши каби эзгу ниятлар бўлиши лозим.
Илм олиб ўзгаларни камситиш, бошқалардан устунлигини исботлаш, ўзгалар билан тортитиш, дунё матоҳларини жалб қилиш ва ўзаро низо келтириб чиқариш кабилар илму толиб учун мутлақо ёт нарса бўлиши керак.
Луқмони Ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилар экан: “Илмни олимлар олдида ифтихор сабаби бўлиши учун ўрганма. Илмни калтафаҳм, жоҳиллар билан тортишиш учун ҳам ўрганма. Мақсадинг йиғинларда марсиялар айтиш ҳам бўлмасин. Зоҳидликка қизиқиб (дунёга қўл силтаб) ва жоҳилликка рағбат этиб илмни ташлаб қўйма”, деганлар.
Ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг аввали – олган илмидан фойдаланиши ва ўзидан у таълим олаётган кишига фойдали бўлиши учун ниятини тўғрилаб олишдир”. Таълим олиш билан бирга ҳосил қилган илмга амал қилишни ният қилиш, аксини эмас. Бамисоли илмсиз амал бекор бўлганидек, амалсиз сабабни талаб қилиш беҳуда ишдир. Илм амал учун сабабдир. Амалсиз илм уволдир, илмсиз амал залолатдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни олган илмларимизни аввало ўзимиз учун, қолаверса жамият, ватанимиз ва динимиз равнақи учун бўлишини насиб қилсин.
Ўткир Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси
