Ижтимоий тармоқдаги иллатлардан огоҳ бўлайлик!
24

Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, диний экстремизм, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишдек кўринишларда содир бўлмоқда. Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.
Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда. Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йуқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда. Интернет сайтларида ёшларга кучли таъсир этувчи ахборотларни қуйидагича таснифлаш мумкин. Биринчи тоифадаги ахборотлар сирасига ёт, бузғунчи ғоялар (экстремизм ва террорчилик ғоялари, миллатчилик, ирқчилик, садизм кабилар)ни киритиш мумкин. Иккинчи тоифадаги ахборотлар эса гарб ҳаёт тарзига хос, ўзбек менталитетига зид одатлар ва кўникмаларни таргиб этади. Бу айниқса, ғарб ёшларининг кийиниши, одатларини тарғиб қилувчи мақолалар, клиплар, фильмларда яққол намоён бўлади. Учинчи тоифага эса порнографик ахборотларни киритиш мумкин. Тўртинчи тоифага эса ҳали текширилмаган, ўз исботига эга бўлмаган турли ҳужумкор ахборотларни киритиш мумкин.
Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади. Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ёшлар онгу шуурини интернет орқали кириб келаётган зарарли ғоя ва таъсирлардан самарали ва ишончли ҳимоялаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу эса ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, ота-оналардан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни, ёш авлоднинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни талаб қилади. Интернет сайтларидан тарқатилаётган бу каби ёт ғоялар ва ахборотларни ёшлар томонидан қабул килинаётганлиги ва унинг оқибатлари жаҳондаги барча мамлакатлари халкини ҳам ташвишга солмокда. Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.
Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.
Бизга маълумки, кўплаб сайт ва тармоқлар катта маблағлар эвазига фильтрлаб қўйилган ва бу ҳолатни кўплаб давлатларда кузатиш мумкин. Албатта, тақиқлар ёки фильтр воситалари орқали одамларни Интернет оламидаги турли кучларнинг хатарли таҳдидларидан, кераксиз ва салбий ахборотлардан сақлаш кийин ва фақатгина вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин. Президентимиз такидлаганидек “…ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ юзага келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз керак»” Таассуфки, бугун ёшларимизнинг аксарияти глобаллашув туфайли Европа ва хорижий маънавий-маданий оқимлар таъсирига кўпроқ иштиёқманд бўлиб, миллий маънавиятимизнинг ҳаётбахш, юксак ахлоқийликка асосланган тамойилларга ихлосмандлиги суст кечмокда. Инсон қадри, масъулияти, ахлоқига беписандлик баъзи ёшларнинг кийиниши, феъл-атвори, юриш-туришида яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Бизнинг назаримизда инсон қадрияти унинг ахлоқийликка йўналгани билан белгиланиши керак. Дархақиқат, бугун ахборот чунонам кўп ва тез кириб келаяптики уларни «ҳазм» қилиш учун теран тафаккур ва кенг дунёкараш талаб этилади. Айникса интернет олами фарзандларимиз эътибори ва қизиқишини тортиб бораётган бугунги даврда айрим комьпютер ўйинлари ҳақида ҳам шундай мисолларни кетириш мумкин. Мутахассислар маълумотларига кўра, интернет орқали тарқатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса ўйин қаҳрамони ўз максадига етишиш учун шундай зўравонлик ва ёвузлик содир этади. 17 фоиз ўйинларда ана шу зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош максад ҳисобланади. Турли жанговар, менталитетимизга мос бўлмаган, баъзан қаҳрамонлик ваҳшийликка ўтиб кетадиган бу каби ўйинлар ёшларимиз ахлоқий-эстетик тарбиясига тўғри таъсир кўрсата олади дея олмаймиз. Бир қарашда улар оддий ўйиндек кўрингани билан зўравонлик ғоялари, ёвузлик кайфиятини уйғотиши жуда кўп салбий оқибатларга олиб келгани хусусида ҳаётий мисоллар кўплаб топилади.
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
