ТАВБА
31

Инсон бу дунё ҳаётида билиб-билмай турли хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради, Аллоҳ таоло қайтарган бирор амални қилиб қўяди. Гуноҳ ва хатоларнинг ювувчиси, кетказувчиси тавба ва истиғфордир. Истиғфор – ўтган нарсанинг ёмонлигидан сақлашни сўраш, тавба эса келажакда ўз амалларининг ёмонлигидан сақлашни талаб қилишдир.
Аллоҳ таоло банданинг бундай хато-гуноҳларини фақат у тавба қилсагина, Ўзидан мағфират қилишини илтижо билан сўрасагина кечиради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: “Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳмлидирман” (Бақара сураси, 160-оят).
Аллоҳ таоло банданинг бундай хато-гуноҳларини фақат у тавба қилсагина, Ўзидан мағфират қилишини илтижо билан сўрасагина кечиради.
Шунинг учун банда ҳар куни, ҳар сонияда тавбага шошилиши лозим. “Ҳали вақт бор-ку, ҳали ёшман-ку” демай, Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, Унинг мағфиратини сўрашга ошиқиши керак. Инсон ўлишидан олдин тавба қилсагина ва бузган нарсаларини тузатишга, ҳаракат қилсагина, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Чунки яратган Парвардигорга холис тавба қилиш денгиз кўпигидан кўп гуноҳи бўлса ҳам кечирилишига сабаб бўлади. Холис тавба қилиш гуноҳларига ва хатоларига астойдил афсусланиш, надомат чекиш, энди бу гуноҳларга қайтмасликка азму қарорга келиш орқали рўёбга чиқади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кеча-кундузда юз марта тавба қиламан”. У зот шундай деб турганларида биз, умматлари тавба қилмасдан ва истиғфор айтмасдан умр ўтказишимиз нечук бўларкин?! Яъни, тавба ҳар қандай шароитда, ҳеч бир истисносиз вожибдир. Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Гуноҳнинг каффорати пушаймонликдир”. (Имом Аҳмад, Табароний, Байҳақий ривояти);
Яна Расули акрам айтганлар: “Агар кўкка етгудай гуноҳлар қилиб, кейин хатоларингиздан пушаймон бўлсангиз, Аллоҳ албатта тавбангизни қабул қилади” (Ибн Можа ривояти);
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бундай деган эканлар: “Тавба-тазаррунинг уч маъноси бор: пушаймон бўлиш, такрор гуноҳ қилмасликка қарор қилиш ва ўтказган ситамларига кечирим сўраб, ноҳақ олган нарсаларини эгаларига қайтариб, хусуматдан халос бўлишдир”.
Банда бир гуноҳ иш ёки хато қилиб қўйса, чин дилдан Аллоҳ таолога илтижо билан ёлбориб қилган тавбаси “тавбаи насуҳ” (самимий тавба) дейилади. Киши тили билан тавба қилсаю, феъл-одатини ўзгартирмаса, бунақа тавба ёлғончининг тавбаси бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тили билан тавба қилиб, гуноҳни эса ташламасдан ҳамиша ва доим қилиб юрадиган бундай одамни Парвардигорини масхара қилувчидир”, деганлар. Юракдан пушаймон бўлиб, бошқа гуноҳ ишга абадий қайтмасликка чин кўнгилдан ният қилиб тили билан истиғфор айтиш тавбаи насуҳдир.
“Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни ювиб юборади”, дейилган. Яъни, бир киши илгари гуноҳ ишларни қилиб юрган бўлсаю, кейин мусулмон бўлса, мусулмон бўлишидан олдинги гуноҳлари мусулмон бўлиши билан ўз-ўзидан ювилиб кетади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тавбаи насуҳ қилувчилардан айласин…..
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
