Ёшлар бугунимиз ва эртанги кунимиз давомчилари
10

Ҳозирги кунда инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган экан, мафкура майдонида турли қарашларнинг ҳукмронлик қилиши табиий ҳолатдир. Шунинг учун ёшларимизга таълим-тарбия бериш жараёнида ва маънавий-маърифий тадбирларда динимизга ёт ғояларнинг ғаразли мақсадларини жумладан, уларнинг турли кўринишларда, кўпинча турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар ниқоби ортида иш кўриши, экстеримизмдан кўзланган асосий мақсад – инсонни, авваламбор, ёшлар қалбини эгаллаш, халқнинг онгига таъсир ўтказиш ва маънавий жиҳатдан заиф ва тобеъ қилиб, ягона маънавий – мафкуравий макон барпо этиб, ислом динини сиёсатлаштириш ва шу асосда ҳукмронлик қилиш, ҳокимиятни қўлга киритишдан иборатлиги, бундай кимсалар ўз ота-онасига қўл кўтариши ҳам, ўз Ватанини сотиш ҳам мумкинлиги ҳақида мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришимиз бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Экстремизм ва террорчилик ҳаракатларининг олдини олиш учун уларнинг моддий-молиявий ва ташкилий асосларига барҳам беришнинг ўзи етарли эмас. Чунки, ғоявий кураш, экстремизмнинг мафкуравий асосларини енгиш тобора муҳим ва ҳал қилувчи аҳамият касб этиб бормоқда.
Экстремистлар интернет сайтларда ҳам турли хабарлар тарқатиб, ваҳимага солмоқда. Интернетни дунёга қиёслаш мумкин. Ундан нимани ахтарсангиз, топасиз. Фақат топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими зарарсиз эканини билиш учун инсонга онг ва тафаккур керак. Оқ-қорани таниб улгурмаган, яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган айрим маълумот-хабарларни мутлоқ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани кишини жиддий хавотирга солади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб:
“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!”-дейди. Ушбу оятнинг тафсирида уламолар бу каби вазиятда ўша маълумотнинг ҳақиқат эканлигини билгунча кутиш лозимлиги, уни шошиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтадилар.
Ҳозирги пайтда дунёда экстремистик характердаги секта ва ҳаракатлар, уларнинг инсон онги ва қалби учун кураш йўлидаги фаолиятининг жонланиши кузатилмоқда.Улар аҳолининг диний билимлари пастлигидан фойдаланиб, охиратнинг яқинлиги билан қўрқитиш ҳамда асосан ёшлар ичида иш олиб бориш йўли билан ўз тарафдорларини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Фарзандларимизни ана шундай разил кимсаларни тузоғига тушиб қолмасликлари учун уларни тарбиясини тўғри ташкил этайлик, фикрсизлик, ахлоқсизлик, дидсизлик, бефарқликдан асрайлик. Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўз ўрнини, албатта топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам инсон учун сув ва ҳаводек зарур.
Отанинг фарзандлари улғайган сари болаларга ва уларнинг тақдирига ҳушёрроқ қараши кучайиб бориши лозим, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш, албатта, биз ота-оналарнинг зиммамиздаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганда фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва фарзандларимизни илм олишга ва касб-ҳунар эгаллашларига ҳамдард ва ҳамфикр бўлишимиз даркорлигини унутмаслигимиз ҳамда уларни теварак атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқ бўлмай дахлдорлик руҳида тарбия беришимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.
Демак, бугунги кунда энг муҳим вазифамиз бугунимиз ва эртанги кунимиз давомчилари бўлган ўсиб келаётган ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб ворислар сифатида диний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.
Азамат УСМОНОВ
