Терроризм, экстремизм ва ахборот хуружларига қарши маърифий йўл билан курашамиз

7

Ўзбекистон терроризм, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши кураш борасида ҳамиша принципиал позицияга эга бўлиб келган. Бундай хавф-хатарларга қарши фақат куч ишлатиш усуллари билан эмас, балки биринчи навбатда, айниқса ёшлар ўртасида, зўравонликни келтириб чиқарадиган жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим.

Ш. Мирзиёев

Экстремизм ва терроризм ҳозирги замонда энг хавфли ҳамда оқибатларини башорат қилиш қийин бўлган ҳодисага айланиб улгурди. Террорчилик актлари бегуноҳ инсонларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши, жамият фаровонлигига хизмат қилувчи моддий ва маънавий бойликларнинг йўқ қилиниши, кишиларнинг тинч-осуда кундалик ҳаёт тарзини барбод бўлишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, бугунги таҳликали ва мураккаб замонда дунё бўйлаб юз бераётган кескин вазиятлар ва ўзаро зиддиятлар, миллатлар ва динлар ўртасида турли можароларга сабаб бўлиши билан бирга дунёда ўрнатилган мавжуд тартиботларни ҳам изидан чиқармоқда. Шу билан бирга бугунги кунда эктремистик ва террорчилик ҳаракатларини содир этаётган бузғунчи гуруҳлар бирор бир давлат ёки минтақа билан чекланмай дунёнинг турли ҳудудларида ўзаро уюшган ҳолда фаолият юритаётгани кузатилмоқда.

Экстремизм ва терроризм иллатининг сўнгги пайтларда тобора кучайиб бораётгани мазкур муаммонинг нақадар долзарб эканини кўрсатади. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ҳам бу масала юзасидан: “Айни вақтда дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда” дея таъкидлаган эди.

Республикамизда сўнги йилларда экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўл билан кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган, қўли қонга ботмаган ва қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисабатан кечиримлилик сиёсатини олиб бориш, ёш авлодни турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишларини олдини олиш бўйича мунтазам тарғибот ишларини олиб бориш долзарб вазифалар этиб белгиланган.

Шуни ёдда сақлаш лозимки, дин ниқобидаги бузғунчи кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Бугунги кунда дунё аҳлининг аксарият қисми интернетдан фойдаланиб, дунёнинг исталган нуқтасида юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш, исталган жойдан керакли маълумотларни олиш, барча соҳаларда унумли фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.

Бироқ, башариятга наф келтириши кўзланган ушбу воситадан ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш, одамларни залолат ва қабоҳатга ундаш, уларни тўғри йўлдан адаштириш мақсадида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас.

Экстремистик, террорчи ташкилотлар замонавий компьютер технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқдалар. Жумладан,

  • террорчилар аҳоли орасида қўрқув ва ваҳима келтириб чиқариш, ўз ғояларига эргашмаганларни ёки уларга қарши чиққанларни таъқиб этиш ва ҳаракатсизликка чақириш;
  • Ўзаро алоқани таъминлаш яъни экстремистик ташкилотлар интернет нафақт ўз сафдошлари, балки бошқа шу каби ташкилотларнинг аъзолари билан ҳам хабарлар алмашиш ва маълумотларни етказиш;
  • Ўқув-малака ошириш. Бунда террорчилар глобал тармоқ орқали қўлбола бомбани ясаш, ўзини-ўзи ўлдириш, кўпроқ қурбонлар келтириш услубларини муттасил ўргатиб борадилар. Қўлланмалар видео, аудио ва китоб шаклида интернетга жойлаштирадилар ва ҳоказо.

Уларнинг интернет орқали ҳужумлари асосан ёшларга қаратилган бўлиб, улар ўсмирлар учун қизиқарли бўлган воситлардан усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, ёшларнинг қизиқишига қараб, уларни турли видеолавҳалар ва фотосуратларни томоша қилишга жалб этиш орқали ёки ташқи кўринишидан гўёки ўйин, техника, спортга доир бўлса-да, лекин ички саҳифаларида фақат бузғунчиликни сингдирувчи веб-ҳужжатларни тақдим этмоқда.

Шунингдек, террорчиларга тегишли интернет саҳифаларида болаларга худкушлик амалиётини тарғиб этувчи махсус мультфильм яратилган. Фильмдан кўзланган асосий мақсад ёшларни террорчилар талқинидаги “жиҳод” ҳаракатларига нисбатан мойиллик туғдириш ва ўз сафларини айни ана шу ёшлар ҳисобидан тўлдиришдир.

Бундан ташқари ёшлар тарбиясини бузишга қаратилган беҳаёлик, зўравонлик, бепарволик, дангасалик ва шу каби бошқа салбий жиҳатларга ундовчи хуружлар мавжуд. Бу хуружлар ҳам ўсиб келаётган ёш авлоднинг бузилишига, унинг оқибатида эса бутун бир халқ, миллат, жамиятнинг бузилишига, турли фисқ-фасод, фитналар ёйилишига, ўғриликлар, йўлтўсарликлар, боқимандаликлар, фаҳш ишлари кўпайишига олиб келади.

Муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш йўлида интернетдан фойдаланаётган ғаразли оқимлар сонининг кўпайиб бориши натижасида ёшларимиз билиб-билмай уларга қўшилиб қолмоқда.

Хўш, бундай фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилиш керак?

Биринчидан, Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туриш лозим.

Иккинчидан, интернетга муайян вақтларда, ўз олдига муайян вазифа ва аниқ мақсадни қўйган ҳолда киришиш керак.

Учинчидан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш лозим. (Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин).

Тўртинчидан, бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозим.

Таъкидлаш лозимки, интернет воситаларидан ўрин олган ахборот ва маълумотларнинг ҳаммаси ҳам реал ҳаққоний эмаслиги айни пайтда аён бўлмоқда. Бундан келиб чиқиб айтиш жоизки, олинаётган далилларнинг қай даражада тўғрилигини онгли равишда мушоҳада этиш мақсадга мувофиқдир.

Нисо сурасининг 83-ояти тафсирида шундай дейилади: “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими-ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас[1]”

Бугун интернет имкониятларини, унинг фойдали жиҳатларини ҳеч ким инкор этолмайди. Фақат ундан фойдаланиш маданиятини шакллантирмоқ, болаларни унга ўргатмоқ зарур. Бинобарин, ёшларимизнинг руҳий-маънавий оламини зарарли унсурлардан ҳимоя қилиш орқали тараққиёт пойдевори яратилади.

Шу ўринда террорчиларга тегишли интернет сайтларини фарқлаб олиш ҳамда бундан ёшларни огоҳ этиш мақсадида, уларга тааллуқли бўлган саҳифаларнинг ўзига хос хусусиятларини келтириб ўтмоқчимиз:

  • улар саҳифаларида ва гуруҳларида ўзларини ягона тўғри йўлда юрувчилар деб ҳисоблаб, ўзларига эргашмаганларни кофир санашади;
  • иймон келтирмаган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган ҳар қандай кишини душман деб айтишади;
  • ер юзида адолат ўрнатишнинг ягона йўли-исломий давлат қуриш ва шу мақсадда “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш ғояларини илгари суришади;
  • ўзларининг жиноятчи тўдабошиларидан бошқа олимларни қоралаб, уларни ҳақоратлашади ва ёмонотлиқ қилишади;
  • давлат ҳокимиятига нисбатдан норозилик кайфиятини уйғотиш ва мавжуд камчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали одамларни ваҳимага солишади;
  • халқ билан гўёки яқинлигини билдириш мақсадида уларнинг қийинчилиги ва ташвишларига “шерик” қилиб кўрсатишади, аслида эса уларнинг диний туйғуларидан усталик билан фойдаланишади;
  • ихтилоф чиқарадиган масалаларни ўз саҳифалари орқали ёритиб, одамларга ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга уринишади.

Бундан ташқари интернет воситаси орқали фирибгарлик қилиш ҳоллари, афсуски, жуда кўп учраяпти. Энг ачинарлиси, содда одамларнинг бундай фирибгарлар алдовларига ишониб, маълум миқдордаги доллар пулларни ўзлари танимаган ва билмаган одамларга почта орқали юбориб, чув тушган ҳоллари кузатилмоқда. Фирибгарлар олдиндан турли хил мактублар йўллаб, телефон рақамларини маълум қилишади. Сўралган пуллар юборилгач эса, улар дом-дараксиз ғойиб бўлишади. Ана шундагина содда одамлар алданганларини билиб қолишади.

Фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бериб, уларни диний – миллий қадриятлар асосида тарбиялаши, улар қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириши, уларни хар-хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиши, муносиб ҳимоя қилиши жуда зарурдир.

Ўткир Ғузаров

Китоб шаҳар “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири

 

[1] “Тафсири ҳилол“ иккинчи нашр 1- жуз 587-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.