ЖАННАТ — ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДАДИР
80

Оналаримизни бошга кўтаришга, уларга ҳамиша шафқатли, хокисор бўлишга, хизматларини қилишга буюрилганмиз. Фарзандини тўққиз ой қорнида авайлаб кўтариб юриш, ҳомиладорликнинг қийноқ-азобларига бардош бериш, туғиш чоғида бир ўлиб-бир тирилиш, туққанидан сўнг икки-уч йилгача бағридан бўшатмай, қўлидан қўймай ардоқлаб парваришлаш, боласи учун бир тунни бир неча бўлакка бўлиб оромдан кечиш, ҳатто улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетганида ҳам меҳрини, шафқатини, марҳаматини аямаслик фақат оналаргагина хос илоҳий фазилатдир. Аллоҳ таоло она зотини улуғлаб, унинг меҳнатини қадрлаш учун одам фарзандининг эътиборини унга қаратиб, Аҳқоф сурасида шундай марҳамат қилади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир…”.
Она зотини фарзандига ўта меҳрибонлиги ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади: “Ҳузуримга бир мискина аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизга биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони емоқчи бўлиб, оғзига тутди. Икки қиз уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, икковига берди. Унинг ҳоли мени ажаблантирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бунинг учун Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Демак, фарзандларини дунёга келтириш, кейин боқиб катта қилишда бемисл матонат ва фидоийлик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини хоксор тутиш, уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурчларидандир.
Имом Баззор ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Бир киши онасини елкасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдирар эди. Тавофни тугатгач: “Онамнинг мендаги ҳаққини адо этдимми?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, сен тўлғоқ азобидаги бир марта оҳ уришининг ҳаққини ҳам адо этолмадинг”, дедилар.
Бир киши қайғуга ботиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борди ва: “Эй Расулуллоҳ! Мен катта гуноҳ қилиб қўйдим, менинг тавбам қабул бўлармикин?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг борми?” дедилар. У “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Холангчи?”, деб сўрадилар. “Ҳа,” деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, холангга яхшилик қил”, деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло оналаримизнинг умрларини узоқ қилсин……
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
