ВАТАННИ СЕВМОҚ ИЙМОНДАРДИР!
51

Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, Ватан равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиздан Саъид ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, – деганлар. (Абу Довуд ривояти).
Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни – унинг Ватанини ифода этади. Ватанни севмоқ, ватанга муҳаббат қўймоқ, уни ардоқлаш, ватанга мансуб бўлмоқ муқаддас динимиздаги энг хайрли ишлардан ҳисобланади. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга содиқлик, ёшлар ўртасида Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг замонавий шакл, усул ва воситаларини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мусулмонлар идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эсселар танлови ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусидаги эсселар танлови икки босқичда ўтказилиши белгиланди. Ушбу мусобақанинг биринчи босқичи тасдиқланган Низом асосида “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида жорий йилнинг 7-июн куни бўлиб ўтди. Билим юртининг талабалари орасидан эсселар танловида иштирок этишлик учун энг иқтидорли 24 нафар талабалар танлаб олинди. Иштирокчиларга эсселар танловини ўтказиш тўғрисидаги Низом шартлари ушбу нуфузли танловни ўтказишдан кўзланган мақсадлар тўғрисида батафсил тушунча берилди.
Танловнинг биринчи босқичи доирасида билим юртининг масъул ходимлари, ўқитувчилари ҳамда мусобақани юқори савияда ўтказиш учун Қарши Давлат Университетининг профессор ўқитувчилари жалб қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан талабаларга эссени ёзишда мавзунинг тўлақонли очиб беришлари, тарих, бугун ва истиқбол ҳақидаги тасаввурлари, мавзуга доир муаммо ва ечимлар бўйича таклифлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ўз муносабатларини билдиришлари лозимлиги ўқтирилди.
Танловни очиқ, шаффоф тарзда ўтишлигини таъминлаш мақсадида алоҳида махсус хона керакли жиҳозлар билан жиҳозланди. Эссе ёзиш учун талабаларга муҳрланган дафтарлар тарқатилди. Белгиланган вақт тугагандан сўнг ишчи гуруҳ томонидан талабалар томонидан ёзилган эсселар Низом талаблари асосида 100 баллик асосда баҳоланди. Биринчи босқич натижаларига кўра, билим юртининг иккинчи босқич талабаси Нўмонов Муҳаммадюсуф Нодиржон ўғли 89 балл билан 1-ўрин, биринчи босқич талабаси Йўлчиев Элдорбек Асрор ўғли 87 балл билан 2-ўрин ва иккинчи босқич талабаси Мусаёров Муртазо Қурбонмамат ўғли 85 балл билан 3-ўрин соҳиби бўлишди ва ушбу талабалар танловнинг Республика босқичига қатнашиш имкониятини қўлга киритишди.
Шу ўринда муҳтарам юртбошимизнинг қуйидаги сўзларини эсга олиш ўринли бўлади. “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас. Биз учинчи Ренессанс ғоясини, аввало, жамиятимиз чуқур англаб олмоғи керак. Ҳар жабҳада, соҳада қиладиган ишларимиз, режаю истиқбол дастурларимиз, таълим-тарбия ва кадрлар сиёсати, инвестицион сиёсат — барчаси унга шароит ва муҳит яратишга қаратилмоғи лозим”. Ушбу нуфузли танлов анашу эзгу ғояга муносиб амалий жавоб бўлди десак, айни ҳақиқат бўлади.
Ушбу танловнинг Республика босқичи 2022 йил 16 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлди ва барча иштирокчилар орасидан фахрли 1-2-3- ўринларни қўлга киритган талабаларни тақдирлаш маросими 2022 йил 17 июнь куни ўтказилди. Унда танловнинг ҳудудий босқичида ғолиб бўлган 45 нафар талабалар қатнашди. Тақдирлаш жараёнларини барча билим юртлари қаторида “Хожа Бухорий” ислом билим юрти жамоаси устоз ва талабалари ҳам катта ҳаёжон ва фахрли ўринларни қўлга киритиш умидида кузатдик.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “ВАТАННИ СЕВМОҚ ИЙМОНДАНДИР” мавзусида эсселар танловининг Республика босқичи 1-ўрин соҳиби Қашқадарё вилояти Китоб тумани «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти 2-босқич талабаси МУСАЁРОВ МУРТАЗО номи зикр қилинганда, Яратганга шукроналар келтирдик.
Танлов низомига кўра 1-ўрин соҳиби яъни, Мусаёров Муртазо Қурбонмамат ўғли 30 миллион пул мукофоти, ноутбок ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Муфтий ҳазратлари томонидан ўзи ва ота-онаси учун Умра сафарига юбориш мукофотларини қўлга киритгани яна бир хурсандчилик бағшлади. Бундан ташқари билим юртининг 1-босқич талабаси Йўлчиев Элдорбек Асрор ўғли “Чет тилида равон ёзилган иншо” номинацияси бўйича диплом билан тақдирланди.
“Ватанни севмоқ иймондандир!” эсселар танловини ўтказилиши жамиятга, давлатга етук ёш, рақобатбардош кадрларни етиштириб бериш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишларига имокниятлар яратишнинг амалий бир намунаси десак, асло муболаға бўлмайди.
Ушбу нуфузли танловнинг барча босқичларида иштирок этган талаба ёшларимиз жонажон Ватанимизнинг эртанги кунини порлоқ бўлишига, буюк аждодларига мос авлодлар бўлишига ишонч билдирамиз.
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти матбуот хизмати
