КИЙИНИШДАГИ ИСРОФ

18

Ислом инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралар ичида либос масаласи ҳам бор. Бу борада Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар” (Аъроф сураси 26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадигани ҳисобланади. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шунингдек, либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсон зийнатли ҳисобланади.

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо барча соҳада ҳаддида турмаган инсон бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлади. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айнан авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу эса юксак инсоний шарафни ерга урадиган ҳолатдир.

Баъзилар эса ҳаётни еб-ичиш, кийинишу ўйин-кулгидан иборат, деб хаёл қилади. Бутун имкониятларини мазкур нарсаларга сарфлайди. Еб-ичишда ҳам, кийинишда ҳам, садақа қилишда ҳам доимий ва чегарасиз равишда исрофга йўл қўядилар. Энг ёмони, бу масалада дунёқарашлари нотўғри бўлгани сабабли ейдиган таомлари, ичадиган ичимликлари, киядиган кийимлари ва қиладиган садақалари ила манманлик, мутакаббирлик қиладилар. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи мусулмонлик даъвосини қилиб юрганлар ҳам Ислом таълимотларидан узоқлашиш, уларга амал қилмаслик оқибатида бу масалада хатога йўл қўядилар. Оқибатда турли-туман муаммолар келиб чиқади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Модомики, сенда икки нарса: исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий”.

Машҳур саҳобий Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу ҳикматли гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотларини у зотдан эшитган кишининг ўз иборалари билан айтиши, десак хато бўлмас. Яна шуни таъкидлашимиз лозимки, ушбу ривоятларда Аллоҳ таоло ҳалол қилган, ҳалол-пок йўл билан топилган неъматлар ҳақида сўз кетмоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Осилтириш изорда, кўйлакда ва саллададир. Ким ўша нарсалардан бирортасини манманлик ила осилтириб юрса, Аллоҳ қиёмат куни унга назар солмас”, дедилар”. Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Биз “осилтириш” деб таржима қилган сўз араб тилида “исбол” дейилади ва кийим-бошга тегишли гапларда кибр ва мақтанчоқлик учун мазкур кийимларни керагидан ортиқ узайтириб олишни англатади.

Изор – кишининг белидан пастига тутиладиган лунги сифат кийимдир. Албатта, инсоннинг белидан пастини тўсиш учун кийиладиган бошқа номдаги либослар ҳам шу маънога қўшилади.

Кўйлак араб тилида қомийс дейилиб, ўзларининг одатларидаги кўйлакни англатса-да, унга ўхшаш бошқа кийимларни ҳам ўз ичига олади. Кўйлакни осилтиришга унинг енгини керагидан ортиқ равишда манманлик учун узайтириб олиш ҳам киради.

Салла – маълум бош кийими. Уни шариатга номувофиқ осилтириш бир учини кибр ила ҳаддан ташқари узун ташлаб юришдир.

Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки шуҳратдан наҳий қилдилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Икки шуҳрат нима?” дейилди. “Кийимнинг юпқалиги ёки қалинлиги, юмшоқлиги ва қаттиқлиги, узунлиги ва қисқалиги. Бас, ўшанинг ўртачаси ва тежамлиси бўлсин”, дедилар.

Абу Ҳомид Ғаззолий “Қалб ажойиботлари” номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.

Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай ёзган: “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”.

Аммо минг афсуслар бўлсинки, диний маърифатимизнинг етишмаслиги, ўзгаларга тақлид қилишимиз ва бошқа бир қанча сабабларга кўра, кийим борасида ҳам исрофгарчиликка йўл қўямиз. Бус-бутун, ҳали кийишга яроқли кийимларимизни, пойабзалларимизни “урфдан қолди” деган сабаблар билан чиқариб ташлаймиз. Керагидан ортиқча кийимларни кўпайтирамиз. Кийим учун ҳаддан ташқари кўп миқдорда харажат қиламиз.

Аёлларимиз ҳар бир тўйга, маросимга ва муносабатга алоҳида янги кийим кийишга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиладилар. Инсоннинг ҳурматини кийимига қараб ўрнига қўйиш керак, деган тушунчада юрадилар. Лекин кийим борасидаги ушбу ва бошқа исрофларимиз ва нуқсонларимизга барҳам беришимиз лозим.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари