Ҳасад-иймоннинг заволи!

15

Қалб хасталикларидан бири ҳасаддир. Ҳасад сўзи луғатда арчиш ва шилиш деган маъноларни билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади. Уламолар “Ҳасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб ҳасадчига (яъни ўзига) етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир”, дейдилар. Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб, энг баланд чўққиларигача, ҳар нарсада ҳасад бордир. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳасад эмас, ҳавас қилган бўлади. Ҳасад катта  гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Аллох таоло, Нисо сурасида шундай марҳамат қилади:

أَمۡ يَحۡسُدُونَ ٱلنَّاسَ عَلَىٰ مَآ ءَاتَىٰهُمُ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦۖ ٥٤

“Ёки Аллоҳ одамларга ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?” (54-оят).

Мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш ҳасаднинг энг ёмон турларидан биридир.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасад эгаси мендан эмас», – дедилар».Тобароний ривоят қилган.

Яъни ҳасадчи менинг умматим эмас, деганлар. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.

Ҳасаднинг зарарлари:

  1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир.
  2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади.
  3. Ҳасад эгасининг мартабасини пасайтиради.
  4. Ҳасадчини одамлар ёмон кўради.
  5. Ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади.
  6. Ҳасад катта ёмонликларнинг манбаидир.
  7. Ҳасад жамиятни бузувчи чўқмордир.
  8. Ҳасад ахлоқсизлик аломатидир.

Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Ул Зот: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатдан бир одам чиқади», – дедилар. Ансорийлардан, соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида ковуш тутган киши чиқиб келди. Эртасига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айни гапни айтган вақтларида, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди. Учинчи куни ҳам худди шу ҳолат такрорлангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, мажлисдагилар тарқалганида Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамга эргашиб борди-да: «Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг», – деди. У одам «Хўп» деб жавоб берди.

Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейди: «Абдуллоҳ ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан».

Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан: «Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч марта: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади», деган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?» – деб сўрадим.

У эса: «Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ», – деди.

Қайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб: «Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Фақат мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат сақламайман. Ҳеч кимга нисбатан унга Аллоҳдан етган яхшиликка ҳасад қилмайман», – деди».

«Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан. Ана шунга биз тоқат қила олмаймиз», – дебди Абдуллоҳ ибн Амр». Аҳмад ва Насаий ривоят қилишган.

Ҳақиқатан ҳам инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Зеро бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ таоло барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин!

 

Бойқобилов Ҳусниддин,

“Хожа Бухорий”  ислом

 билим юрти ўқитувчиси