Дорул-ислом тушунчаси ҳақида

46

Ижтимоий тармоқларда айрим тоифалар ўзларининг ғаразли мақсадлари учун дорул-ислом деган тушунчани нотўғри талқин қилмоқдалар.  

Хўш, дорул-ислом тушунчаси нима маънони англатади?  

 Дорул-ислом ибораси араб тилидан таржима қилинганда “ислом ҳудуди, ислом диёри”, – деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса, ислом арконлари амалда намоён бўлган ҳудудга “ислом диёри” нисбати берилган. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ислом диёри – ислом ҳукмлари зоҳир бўлган ердир”, – дейдилар. Бошқа фуқаҳолар эса: “У – Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ёки Қуръони каримни илоҳий эканлигини эътироф этиб, уларга ижобий муносабатда бўлган ёки худосизликдан иборат очиқ куфр хусусият намоён бўлмаган ҳудуд”, – дейдилар.

Диёр” сўзи ҳозирда “давлат” атамасига тўғри келади. Бугунги кунда Ер юзида Исломни етказиш мумкин бўлмаган ёки куфр диёри деб номлашга лойиқ макон қолмади. Шуни учун бизнинг диёримиз ва мусулмонлар яшайдиган бошқа мамлакатлар Ислом диёридир.

Ислом дини тинчлик динидир. У ҳеч бир миллатни, халқни, қабилани камситмайди. Қуръони карим ва ҳадиси-шарифларда бошқа дин вакиллари билан ҳамжиҳат бўлиб яшашга, одамларни турли фирқа-бўлинишларга ажратмасликка тарғиб қилинади: “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот, 13).

Аллоҳ таоло барчамизни турли адашишликдан асраб, Ўзининг ҳақ динига бардавом қилсин!

Р.Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими