Одам савдоси — аср муаммоси

32

Мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат қилиш, дам олиш, билим олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби конституциявий ҳуқуқларини эркин амалга ошириши, миллатлар ва давлатлар ўртасида эркин иқтисодий, маданий, маърифий алоқаларни ўрнатишга хизмат қилмоқда. Фуқароларнинг бу каби ҳуқуқларининг кафолатланиши эса, кўплаб фуқароларнинг хорижий мамлакатларга бемалол чиқишлари учун имконият ва етарли шарт шароитлар яратди. Бунинг натижасида халқаро миграция жараёнлари бирмунча фаоллашди, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, туризм ва шу каби турли мақсадларда бошқа давлатларга чиқиши, эркин фаолият олиб бориши учун имкониятлар янада кенгайди.
Афсуски, айрим шахслар мамлакатимизда яратилган бундай шарт-шароит ва имкониятлардан ғаразгўйлик мақсадларида фойдаланиб, фуқароларимиздан фойдаланиш учун, уларни алдов ва бошқа паст ниятларини амалга ошириш, хорижга олиб чиқиб, уларнинг меҳнати, билими ва энг ачинарлиси эса тана аъзоларидан, шунингдек, бу каби шахслардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш каби жирканч ҳолатлар кўпайиб кетишига ҳам сабаб бўлди. Бунинг оқибатида кўпгина фуқароларимиз бошқаларнинг «манфаатлари» қурбонига айланмоқда.
Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу даврда одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш муаммоси долзарб аҳамият касб этмоқда. Фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишининг кафолати ва уларнинг озодлигини таъминланиши мақсадида ўтган йиллар мобайнида Республикамизда бундай жиноятларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Конституциямизда «ҳар бир инсоннинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга»лиги мустаҳкамланди. Демак, ҳар ким шахсий ҳаётини ўзи ҳохлаганча тузиши ва эгалик қилиш (қонуний чеклашлардан ташқари), шахсий ва оилавий сирларларини сақлаш, ўзининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Одам  савдоси қурбонига айланган шахслар эса бундай ҳуқуқлардан маҳрум бўладилар. Жумладан,
— одам савдосининг жабрланувчилари зўравонлик ёки уни қўллаш таҳдиди ёрдамида назорат қилинади. Улар аксарият ҳолларда, шафқатсиз жисмоний, жинсий ёки руҳий муносабат билан тўқнаш келадилар;
— одам савдосининг жабрланувчилари тутқунлик ҳолатида бўладилар. Улар ўз иродасига қарши ҳолатда меҳнатнинг мажбур қилинган тури билан шуғулланади ва вазиятни ўз хоҳишига кўра ўзгартира олмайди, шунингдек, меҳнат жойида улар мажбурий равишда ушлаб турилади ва доимий кузатув ўрнатилганлиги сабабли иш жойларини тарк эта олмайдилар;
— одам савдосининг жабрланувчилари ўз ишига арзимас ҳақ олади ёки иш ҳаққини умуман олмайди. Уларнинг барча даромадларини ёки унинг ката қисмини назорат қилиш билан шуғулланувчи иш берувчи, воситачи, қўшмачи ва бошқа шу сингари шахслар мажбурий тартибда олиб қўядилар;
— одам савдосининг жабрланувчилари назорат остида бўлганликлари сабабли ўз қариндошлари, дўстлари ва танишлари билан эркин мулоқатда бўла олмайдилар. Ҳаттоки, улар шифокор кўригига, шифохонага ёки бошқа тиббиёт муассасаларига ҳам назорат остида олиб борилади;
— одам савдосининг жабрланувчиларидан шахсларини тасдиқловчи, шунингдек қонуний бўлиш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжатлари олиб қўйилади. Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар ўз “кир-дикорлар”ини яшириш мақсадида бундай савдонинг қурбонига айланаётган шахсларни имкон қадар эътибордан четда тутишга ҳаракат қиладилар. Аввало, бунинг учун одамларни хорижга ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга, паспорт ва шахсий ҳужжатларини қалбакилаштиришга уринадилар.
Мамлакатимизда одам савдоси, шахснинг эрки ва ҳуқуқларини поймол этиш, зўравонлик, фоҳишабозлик қонун йўли билан тақиқлаб қўйилган бўлсада, кейинги пайтларда соддадил фуқароларни чет элга ишлашга олиб бориш ниқоби остида уларни чув тушураётган фирибгарлар учраб турибди.
Кишилар қонуний тарзда чет элга бориш ва ишга жойлашишдаги воситачилик билан боғлиқ хавфни тушуниб етмаган ва чет элда ишга жойлашиш вазияти тўғрисида деярли ҳеч нарса билмаган ҳолда ўзларини ушбу турдаги хатти ҳаракатларни содир қилувчи шахсларнинг енгил ўлжасига айланиб қолиш хавфи остига қўймоқдалар.
Бугунги кунда чет элга боришни хоҳловчиларнинг асосий қисми ноқонуний йўллар билан чиқиб кетишни ўзларига афзал кўришмоқда. Натижада турли қийинчиликлар, муаммоларга дуч келмоқда. Умрида маҳалласидан ташқарига чиқмаган одамлар кимларнингдир алдови, ёлғонига учиб, бор будини сотиб, ката пул билан чет элга кетаяпди. У ерда эса тилни ва йўл йўриқларни билмаслиги, энг муҳими, ноқонуний равишда келганлиги ва ҳуқуқий ҳимоясиз бўлганлиги учун қул сифатида ишлатилмоқда. Бир сўз билан айтганда, айрим юртдошларимиз соддаликлари туфайли одам савдогарларининг ўлжасига айланиб қолганликларини жуда кеч англаб тушуниб етмоқдалар.
Жиноий тузилмалар таркибида фаолият кўрсатаётган шахслар бир-бирини ҳатто билмаслиги, ёлланган аёллар эса уларнинг бир жиноий гуруҳ томонидан бошқа жиноий гуруҳга сотилганлиги ҳақида хабардор бўлмаслиги ҳам ушбу жиноий фаолиятнинг ўзига хос хусусиятини кўрсатади.
Бу жиноятларнинг асосий сабаби маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир.
Муқаддас ислом динимиз нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, инсоннинг жонзотлар ичида энг мукаррами экани таъкидланиб, қулликка қарши қатъий чоралар белгилаб қўйилган.
Аллоҳ таоло ўзининг сўнгги дини Исломни юзага чиқарганда қулдорлик тузуми мавжуд бир воқеълик эди. Ислом дини инсонни ҳур яратилганлигини таъкидлаб, уни тугатиш чораларини кўрди. Қул озод қилишни савоб даражасига кўтарди, бунинг устига тез – тез такрорланувчи турли хил хато ва гуноҳ ишларнинг каффоратига қул озод қилишни буюрди. Масалан, қасамни бузиш, фарз рўзасини билиб туриб бузиш кабилар. Пайғамбаримиз с.а.в.  “Ким бир мўмин қулни озод қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир аъзоси учун бунинг аъзоларини дўзахдан озод қилади” (Шарҳи Нававий алал Муслим, қул озод қилиш боби), деб марҳамат қилдилар. Бу ҳадисда Росулуллоҳ с.а.в. қул озод қилишнинг фазилатини баён қилдилар.
Пайғамбаримиз с.а.в қудсий ҳадисларида:
“Аллоҳ таоло: “Уч киши борки,  мен уларга қиёмат куни хусуматчиман. Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши, ҳур кишини сотиб пулини ейдиган киши,   мардикор ёллаб, уни ишлатиб ва ҳаққини бермаган киши”, деди” (Абу Ҳурайрадан Имом Бухорий ривояти). 
Бу ҳадисда Аллоҳ таоло қиёмат куни уч кишига раҳмат назари билан қарамаслиги ва улар билан хусумат қилиши баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло ким билан хусумат қилса, албатта, уни енгади. Улар ичида ҳур кишини сотиб, уни ҳурликдан маҳрум қилиб, қулликка солган киши ҳам бор. Бу жуда катта гуноҳдир. Чунки бу ҳолатда инсон, одатда қилиши мумкин бўлган ишлардан ман этилиб, хорлик ҳолатига туширилади ва кўпинча фақат қорин тўйдириш учун ишлашга маҳкум қилинади.
Ўткинчи мол – дунё учун ватандошларини, қишлоқдошларини ва ҳатто қариндошларини сотишдан қайтмаётган кишилар, юқоридаги ҳадислардаги маъноларини бир зум тафаккур қилсалар, фойдадан ҳолий бўлмайди. Зеро, ҳалол касб қилиб, бойлик орттираётган, элга хизмат қилиб, дуо олаётган мардлар ҳам сон – саноқсиз топилади.
Яна бир ҳадиси шарифда:
“Аллоҳ таоло қиёмат кунида уч кишига қарамайди. Ҳурни сотган киши, ўзини ўзи сотган киши ва мардикорнинг тери қотгандан кейин унинг ҳаққини бекор қилган кишини” дейилади.
Қиёмат куни аҳволи оғир бўладиган кишилардан яна бири ўзини сотган киши экан. Инсон била туриб, ўзини қулликка солиши улуғ гуноҳлардан ҳисобланади.
Яна бир энг ташвишли ҳолатлардан бири, чет элга ноқонуний тарзда ишга чиқаётган шахсларнинг кўпчиллиги юқорида таъкидланган йигирма биринчи асрнинг трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли туридан бири — халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар вакилларининг тузоғига тушиб адашиб кетишмоқда.
Бундай мудҳиш ҳолатларни вақтида англаб, нафсига қул, дардлари пул кимсалардан огоҳ бўлайлик, инсон қадри асло топталмасин.

Азамат УСМОНОВ