ЭЪТИҚОД – ИЙМОННИНГ НУРИ…
11

Эй кўнгил! Ваҳима қалбни бузадиган маънавий заҳардир. Ваҳима эшигига яқинлашма! Яқинлашсанг, ботқоққа тушгандай бўлиб, бўғилиб қоласан.
Иймонни йўқотса….
Виждонни йўқотса….
Йўқотса эътиқод, диёнатни ҳам
Ватанга садоқатдан айрилиб қолса….
Иймонсиз, виждонсиз, эътиқод-диёнатсиз ҳам яшаяпман, дегувчи одам ёлғон сўзлабди. У ўзини тирик деб ўйлайди, аслида у тирик мурдадир.
Рамазон Бутий ҳазратларининг “Мақталган камтарлик мени ўзимга келиб инсонларнинг энг ёмони эканимни ҳис қилишим, уларни эса — албатта мўмин бўлсалар — ўзимдан кўра яхши деб эътиқод қилишим ва улар билан ушбу эътиқодим тақозосига кўра муомала қилишимдир.”[1] -деган фикрлари бугун ҳар бир инсоннинг ўзини ўзи ислоҳ қилиши ҳамда кишилар билан муносабатида ўз эътиқодини гўзал қилиши, чиройли гумонда бўлиши учун асосли фикрдир.
Бугун давраларни тўлдириб, маъруза қилаётган айрим “билимдон” аёлларимиз билиб – билмай шариат ҳукумлари бўйича нотўғри фикрларни асоссиз “фатво бериш” ҳолатда мана бундай амалларни қилса, ажри икки баробар қилиб берилади ёхуд тўқима ҳадисларни пайғамбаримиз шундай деганлар деб гапиришлари асносида диндан, шариатдан илми етарлича бўлмаган хотин-қизларни эътиқодига ҳамда уларни амалларини бажаришда нуқсонга олиб бориши, энг ёмони буни яқинларига айтиб, уларни ҳам бу даъватларга тортишлари жуда катта гуноҳга сабабчи бўлиб қолишади. Бошидаги рўмоли, оятлар билан маъруза қилиши ўтирган аёлларни диққатини тортиши табиий ҳолатдир. Аммо йиғинларда қилинган бундай маърузалар халқни ишончини ва динга нисбатан тўғри эътиқодларини бузилишига олиб келади.
“Мусулмонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари ва шунга ўхшаш муносабатлар билан йиғилиб тўпланишлари бидъат деб аталмайди. Чунки бу ишни ташкил қилаётганларнинг ҳеч бирлари бу иш дин жавҳарининг бир бўлаги ва бу унинг моҳият ва асослари қаторига киради — деб эътиқод қилмайдилар.”[2] (Рамазон Бутий)
Албатта, мавлидлар ва шунга ўхшаш муносабатлар билан йиғилиб тўпланиш дин ва шариатдаги гўзал амалларни бажаришда ва эътиқоди ҳамда иймони сустлашган хотин-қизларнинг қалбларини ларзага соладиган, мўмина, муслима, солиҳа аёллар каби амалларда бардавом бўлишларига сабаб бўлиши керакдир аслида…
Сўзнинг энг афзали – ўзинг қўрқадиган одам олдида айтилган ҳақ сўз. Инсонларнинг оқили – ўзи тоат-ибодат қилиб, ўзгаларни ҳам шунга бошлайдиган киши. Энг нодон кимса – дунёсини деб охиратини сотган кимса. Энг аҳмоқ киши – динини бошқаларнинг дунёси учун сотган киши. Дунёдан маст киши ўлим лашкари олдида ҳушига келади. Рўза қоринни таомдан тўсиш эмас, балки фикрни гуноҳлардан тўсишдир.[3]
Биргина сўз баъзан инсонни ким эканлигини кўрсатиб беради. Киши ҳамиша тўғри сўзда бўлиши ҳамда билмаган нарсасини билгандек қилиб гапириши хатодир. Аммо айтилган хато сўзни ўз ўрнида қўрқмасдан бошқа бир инсон ҳақ сўз билан айтилган сўзни хатолигини билдириб ўтиши сўзнинг энг афзалини келтирган киши ҳисобланади.
Одам агар тоза қалбли бўлса, қалби иймон нури билан тўлади. Ўшанда арслон юракли бўлади. Шайтоний васвасаларга берилмайди. Жамият ҳам ундан фойда кўради ва у бошқаларга ўрнак бўлади. Кураш майдонидаги доимо ана шундай тоза арслон юракли кишилар жасорати туфайли зафар қозонилади. Қуёнюрак кимсалар жамиятни хароб қилади. Мамлакат бундай қўрқоқ, васвасага берилувчан кимсалардан тозаланмай туриб, саодатга эриша олмайди.
Иймоннинг роли (вазифаси) машина олдига ўрнатилган чироқнинг роли (вазифаси) кабидир. Қоронғу кечада кетаётган машина олдига ўрнатилган чироқни кўрганмисиз, унинг вазифаси нима? Бу чироқнинг вазифаси сизга тош ётқизилган қинғир ёки тош ётқизилмаган тўғри ёки нотекис йўлни кўрсатади. Кейин унинг вазифаси ана шу чегарада тўхтайди. Чироқ машинани ҳаракатлантира олмайди ва уни бошқара олмайди ҳам. Машинани ҳаракатлантирадиган нарса унинг ичидаги ёқилғидир.
Сизни йўлда ҳаракатлантириб Аллоҳнинг ризосига бошлаб борадиган нарса муҳаббат ёқилғисидир. Сизни йўлда ҳаракатлантириб шайтон ва ҳавойи нафс хоҳишига бошлаб борадиган нарса ҳам муҳаббатдир.
Аммо бошга беркинган эътиқод қанчалик соғлом бўлса ҳам у сизга тўғри йўлни тўғри ҳолида, ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ қилиб кўрсатади халос. Кейин сиз учун ўзингиз хоҳлаётган нарсага ҳаракатлантирувчи ёқилғи керак бўлади. Бу эса муҳаббатдир…
НИЛУФАР Бердиева
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
[1] Рамазон Бутий канали
[2] Рамазон Бутий канали
[3] Унвон-ул баён китобидан
