ФАРЗАНДНИНГ БУРЧИ ОТА-ОНАНИ РОЗИЛИГИНИ ТОПИШЛИКДИР
37

Ҳар бир инсоннинг дунёга келишига ота-она сабабчидирлар. Уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари жуда кўп бўлиб, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда уларнинг барчаси батафсил баён қилинган. Динимизда ота-онани рози қилиш, уларга чиройли муомала қилиш улуғ ибодат ҳисобланади. Қуръони каримнинг 15 та оятида айнан ота-онага яхшилик қилиш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш тўғрисида зикр қилинади. Жумладан, Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюрганидан кейин ота-онага чиройли муомала қилишга буюрган: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам ота-онанинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари бор экани, уларга риоя қилиш – фарзандни улкан ажрга эга қиладиган улуғ ибодат экани таъкидланган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай баён қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамлар ичида менинг чиройли муомаламга энг ҳақли киши ким?” – деб сўради. “Онанг”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “Онанг”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “Онанг”, – дедилар У Зот. “Ундан кейин ким”, – деб сўради. Шунда “Отанг”, – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розиликларига боғлаб қўйди. Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши – ота-онасини рози қилсин, Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши – ота-онасини ранжитишдан қўрқсин.
Шариатимизга кўра ота-онага яхшилик қилиш – фақатгина уларнинг ҳаётлик пайтларида чекланиб қолмай, балки улар мабодо дунёдан ўтганларидан кейин ҳам давом этиши керак. Бу ҳақда Абу Усайд ибн Робийъа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: Молик ибн Робеъа ас-Саъидий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирганимизда ногоҳон Бани Салама қабиласидан бир киши келди ва: “Ота-онам вафот этгандан кейин ҳам мен уларга қиладиган яхшилик борми?” – деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, аҳдларини амалга ошириш, улар орқали қариндош бўлганларга силаи-раҳм қилиш ва уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш вазифаси бор”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Тобеъинларнинг улуғларидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ота-онага яхшилик қилишни шундай тушунтирадилар: “Ота-онага яхшилик қилиш – қўлингдаги мол-мулкни улар учун сарфлаш, гуноҳ бўлмайдиган ишларда уларнинг буйруқларига итоат қилишдир”.
Ҳукамолардан бирлари: “Отангга ғамхўр бўлсанг, ўғлинг ҳам сенга ғамхўр бўлади”, – дер эдилар.
Шариатимиз, фарзандларга ота-она қарилик вақтларига етиб келишганларида уларни нафақа билан таъминлаш вазифасини юклайди. Бу – динимизнинг талаби!
Ота-онага яхшилик қилишнинг энг паст даражаси – уларга ширин сўз айтишдир. Ундан баландроқ даражаси – уларнинг хизматларини қилиш, моддий ва маънавий томондан ёрдам бериш, доим уларнинг ҳолларидан хабардор бўлиб туришдир. Фарзанд доим ота-онага хурсандчилик келтирадиган ишларга ҳаракат қилиши керак. Зеро ота-оналар фарзандларининг ютуқларидан бениҳоя хурсанд бўлишади.
Ота-онага итоатсизлик қилиш, уларга қаттиқ гапириш, жеркиш, хафа қилиш, ҳақорат қилиш, қўл кўтариш – энг катта ва энг оғир гуноҳдир! “Ота-онага оқ бўлиш” дегани аслида – мана шу. Уни ота-она тилда айтишлари шарт эмас. Балки қаттиқ ранжишлари етарли бўлади.
Абдуллоҳ Ибн Муборак шундай деганлар: “Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сенга гапирганда, безовталанишингдан, ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошлашса – билиб қўйки, ота-онангга оқ бўляпсан!”.
Афсуски, гоҳида ота-онасига юқорида зикр қилингани каби нолойиқ муомала қиладиган фарзандлар ҳам учраб туради. Улар Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, ота-онасидан кечирим сўраб, қайтадан уларни рози қилишга ҳаракат қилишлари керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасини рози қиладиган фарзандлардан қилсин….
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
