ОТА-ОНАГА ЭҲТИРОМ
27

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка этсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!
Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”. (Исро сураси 23-24-оятлар)
“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди”.
Бу оятнинг ҳукмига биноан ота-онани эҳтиром этиш ва уларга яхшилик қилиш Аллоҳнинг бандаларига буюрган амридир ва бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш ҳам эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир ва ушбу буйруқни бажариш ҳар бир мўьмин мусулмоннинг бурчидир. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга амр этгандан кейин, шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.
“Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “Уфф”, дема”.
Оятдаги бу жумланинг “уфф” сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – “Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма”, дегани бўлса, иккинчи маъноси – “Ота-онанг олдида “уфф”, дема, улар “Болам оғир ҳолга тушибди”, деб озорланадилар” деганидир.
“…уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!”
Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!
Ушбу оятда Аллоҳ таоло ота онага ҳусни хулқ билан гўзал муомалада бўлишга амр этиш билан бирга оятнинг давомида уларга азият етказиши мумкин бўлган энг нозик ишларни ҳам уларнинг ҳузурида бажаришдан ман этмоқда.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розиллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ризоси ота-она розилигида бўлади. Ота-она ғазаб қилганга у ҳам ғазаб қилади”, дедилар” (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти)
Мўмин банда ота -онаси билан бўладиган муомаласида ҳақ бўлсин ноҳақ бўлсин доимо шуни ёдидида тутмоқлиги ва доимо ўзига нисбатан Аллоҳ таоло сени ота-онангга яхшилик қилишга, дилларни оғритмасликка буюрган бўлса ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида бўлади”, деган бўлсалар. Сен билағонлик, қўполлик қилиб уларнинг қалбларини синдириб қўйсанг, аҳволинг нима кечади? Улар рози бўлишмагани учун Аллоҳ таоло сендан рози бўлмаса, унда нима қиласан? Аҳволинг нима кечади? Деган муносабатда бўлиши лозим, шунда фарзанд доимо ўзининг ота онасига қилаётган муомаласи унинг дунё ва оҳиратдаги ҳолатини гўзал бўлишилигини ва роббисининг ризосини тақазо этишини ёдида сақлайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Яхшилик қилишимга ҳақлироқ киши ким?” деди. “Онанг”, дедилар. “Кейин ким?” деди. “Онанг”, дедилар. “Кейин ким?” деди. “Онанг”, дедилар. “Кейин ким?” деди. “Кейин отанг”, дедилар”. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан – “Мен яҳшилигимни энг аввало кимга қилишим лозим, ким унга ҳақлироқ” дея сўраган кишига бандадан содир бўладиган яҳшиликларга энг ҳақлироғ киши унинг онаси ва отаси эканлиги ва банда касб этадиган яҳши амалларнинг афзалроғи ўз ота-онасининг ҳаққида Аллоҳ таолога тақво этмоқлиги эканини баён қилиб бермоқдалар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирувчироқ амал борлигини билмайман” дедилар.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Ота-онага яхшилик қилиш кабира гуноҳларга каффоратдир” дедилар.
Киши ўзининг ота онасига асл табиатан келиб чиқиб қилиши лозим бўлган яхшилик ишларни бандани роббисига яқинлаштирувчи амал даражасига кўтарган ва бу яхшиликларни кабира гуноҳларга каффорат булишлигини тайин этган муқаддас ислом динимиздагидек гўзал таълимот ер юзида йўқдир. Ота- онанинг ҳақ — хуқуқини ва уларнинг эҳтиромини ислом дини нозил бўлишидан аввал ҳам ва ислом дини мана бир минг тўрт юз йилдан ошиқ вақт давомида бутун инсоният кўз ўнгида турган бўлса ҳамки, бошқа жамийки масалалар каби бу борада ҳам бирор бир дин ёки мафкура айтарли бирор маьлумот ёхуд таьлимотга эга эмасдир.
Шу фурсатда энг аҳамиятли бўлиб турган жиҳат биз мўмин- мусулмон бандалар ўз динимиз таьлимотларидан узоқлаштирилганлигимиз оқибатида кўп масалалар каби ота- онани эҳтиром этиш ва уларга яхшилик қилиш борасида ҳам динимиз кўрсатмаларини ўрганишдан ожиз қолдик натижада ислом уммати ҳаётнинг ҳар бир соҳасида бўлгани каби одоб аҳлоқ масаласида ҳам бироз сусткашликга берилиб қолинди. Диний билимлардан узоқлашиш оқибатида ислом уммати ўзларининг инсониятнинг энг афзали улароқ инсоният учун ўрнак бўлиши лозимлигини англай олмасдан қолди, натижада мусулмонлар исломдан ортда қола бошлашди.
Инсоният ўз ўтмиши давомида мўмин мусулмонлар ўз динларига амал қилиб ҳам моддий соҳаларда олам шумул натижаларга эришганлигини ҳам бутун бир ҳалқ мусулмон тожирларининг одоб аҳлоқлари сабабли исломни қабул этиб мусулмон бўлганларининг гувоҳи бўлди. Биз динимизга амал қилиб аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлишимиз лозим.
Дулабов Абдурашид
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
