Юқори қўл паст қўлдан яхшироқдир
25

“Юқори қўл (яъни берувчи) паст қўлдан, (яъни олувчидан) яхшироқдир”[1]
Аллоҳ таоло бандаларни яратгандан сўнг, фақатгина Ўзигагина ибодат қилишга буюрди. Уларнинг ризқини Ўз зиммасига олгач, Ўзи ризқ қилиб берган неъматлардан эҳсон қилишга буюра туриб шундай дейди:
“Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй, Раббим, мени озгина (ҳаётда) қолдирсанг, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам”, — деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!” (Мунофиқун сураси, 10-оят)
Ҳожатларимиздан бизни беҳожат қиладиган, бизларга сўраганаимиздан-да афзалини берувчи зот ёлғиз-Ўзидир. Ўқигувчисини ҳидояи қилувчи Ўзининг Каломида ҳам:
“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман… деди.” (Ғофир сураси, 60-оят). Дуо қилсак ўрмалаганки нарсанинг ризқини кафиллигини олган – ал-Раззоқ зотдан сўрайлик. Юзимизни суви(обрў)ни кетказиш ила ўзи муҳтож бўлган бандадан сўрамайлик. Ахир, ўзи ҳожатли бўла туриб, сизнинг ҳожатингизни қандай раво қилсин? Албатта, Аллоҳ беҳожатдир, балки ҳожатбарордир. Қуйида сизлар билан жамиятимизда урчиб бораётган “даромадли касб” ҳақида гаплашамиз.
Одамлар орасида энг қуйи табақада «тиламчи»лар турса керак. Яна соғ бўла туриб, тиламчиликни «касб» қилиб олган одамлар эса энг тубан одамлардир. Бу дунёда жамиятнинг энг қашшоқ, обрўсиз қатлами бўлиши билан бирга, қиёматда энг шармандали ҳолда тириладиганлари ҳам улардир. Бу ҳақида Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бир ҳадисда: “Киши тиланчилик қилавериб, охири юзида бир парча ҳам гўштсиз ҳолда Аллоҳга йўлиқади”, — дедилар[2]. Ҳа, бу дунёда инсонлардан юзсиз ҳолда тиламчилик қилган одам, қиёматда юзида бир парча ҳам этсиз(гўшт)сиз ҳолда тирилар экан. Бундан-да ҳунук кўриниш борми!? Бундан-да ортиқ шармандалик борми? Улар орасида яна шундайлари борки, ўзига тўқ, тўрт мучаси соғ, бироқ «пул топишнинг» осон йўлини тутаман деб, одамлардан уялмай эртаю — кеч сўрайверадиганлари бор. Устига устак, ўз қабиҳ ишларини “ота касб” – дея ўзларини оқлайдиганларни эшитиб ёқа ушлайсиз. Ажиб, қачондан бери кишини хор қилувчи, орсиз, уятсиз қилувчи иш – авлоддан авлодга ўтиши лозим бўлиб қолди? Улар ҳақида: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки одамлардан моли кўпайиш учун тиланчилик қилса, у одам ўзи учун чўғни сўрабди. Бас, шундоқ экан хоҳласа чўғни озайтирсин ёки кўпайтирсин», дедилар[3]. Чўғдан мурод жаҳаннам олови. Аллоҳ сақласин…
Садақани кимга беришимиз керак?
Садақа мискинларга берилади, тиламчи-юзсизларга эмас. Мискин ким? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар атрофида айланиб бир луқма, икки луқма ёки бир хурмо, икки хурмо олиб қайтадиган мискин эмас. Лекин мискин ўзини беҳожат қиладиган бойлик топа олмаган, унга эътибор берилиб садақа қилинмайдиган, ўзи туриб одамлардан сўрамайдиган кишидир», дедилар». Бу ҳадисдан маълум бўладики, мискин одамлардан хиралик қилиб сўрамайдиган фақир экан. Тиламчи, эса одамлардан хиралик ила сўровчи иффатсиз одамдир. Бундай инсонлар орамизда кўпайиб бормоқда. Осонликча мўмай даромад топиб, парда ортида кайф-у сафо қилиб, одамларга юзсиз ҳолда йўлиқиб, тиланмоқда. Бундайларга садақа бериш, гуноҳларига замин яратиб бериш билан баробар. Шундай экан уларг садақа бериш ҳам тўғри бўлмайди. Мусулмон киши фақатгина ногирон (бўлса) ёки бир кунлик ортиқча таоми йўқ (бўлса), шунингдек катта қарзга ботган киши (бўлса) бировлардан нарса сўраб ўз эҳтиёжини қондириши мумкин. Бой, соғлом одам тиламчилик қилиши шариатимизда қораланган. Соғлом инсон доимо, ҳалол меҳнат қилиб, одамлардан ҳеч бир нарса сўрамай кун кечиришга ҳаракат қилиши лозим. Ҳадисларда келади, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним измида бўлган Зотга (Аллоҳга) қасам, бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, елкасида кўтариб келтириши ва уни сотиб, пулига ўзи ҳам еб, садақа ҳам қилиши Аллоҳ таоло фазлидан ато қилган бой кишининг олдига келиб тиланишидан яхшироқдир. Ҳолбуки, у киши ё беради, ё бермайди”, -дедилар.[4]
Ҳа, оғир машшақатли бўлиши билан бирга, бозорда арзимас пулга баҳоланадиган ишни тавсия қилмоқдаларки, киши тиланчиликдан-одамлардан юзсиз ҳолда келиб сўрашидан яхшироқ эканини билиб оламиз. Мана гувоҳи бўлдингизки, одамлардан нарса сўраш ҳар ўринда қораланилган экан. Борига қаноат қилиб, доимо меҳнат билан ҳалол ризқ топиш биз мусулмонларнинг бурчи эканини унитмаслигимиз лозим.
Тиламчиликнинг юзага келиш сабабларига қарайдиган бўлсак, унинг аввалида Сўровчимизни яхши танимаслигимиз туради. Кимдан сўрашни билайлик. Одамлардан сўрарасангиз ёмон кўринасиз, ёқмайсиз. Устига устак ҳожатингиз тўлиқ адо бўлмайди. Холиқдан сўранг, Мужиб(ижобат қилувчи), Роҳманур Роҳийм, Раззоқ-Аллоҳдан сўранг. Аллоҳ таоло бандаларни Ўзидан сўрамай қўйишини ёмон кўради. Кўп сўраганни яхши кўради. Шунинг учун камбағалликда Аллоҳ кўп эсланади, одам ибодатга маҳкам бўлади.
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир. (Садақани) қарамоғингдагилардан бошла. Садақанинг яхшиси беҳожатликда бўлганидир. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади», дедилар».
Шундай экан, Аллоҳдан кифояликни, беҳожатликни сўрайлик. Қиёматда юзсиз ҳолда Ўзига йўлиқишдан сақласин. Омин
Ҳасанхон Муҳаммад
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси
[1] Имом Муслим ривоятлари. Манба: Риёзус-солиҳийн
[2] Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти
[3] Имом Муслим ривояти
[4] Муттафақун алайҳи
