Истиғфорнинг фойдалари

27

Ўзининг “Ғофир” сифати ила бандаларининг гуноҳларини кечирувчи зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Умматларига истиғфорнинг фойдаларини бирма-бир баён қилиб берган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога батамом саловат ва саломлар бўлсин.

Истиғфорниг луғавий маъноси, мағфиратни (гуноҳнинг кечирилишини) сўрашдир. Амалда банда тилида “астағфируллоҳ” ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Умумий маънода эса истиғфор диндорликни ифода этади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривоят қилган ).

Чунки, истиғфор, нафақат инсоннинг бу дунёдаги ҳаётини, балки охират диёридаги ҳаётини ҳам сақлайдиган, унинг хафсизлигининг кафолатидир.  Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَمَا كَانَ اللهُ لِيُعَذِّبَهُمْ وَأَنْتَ فِيهِمْ وَمَا كَانَ اللهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ

“Уларнинг ичида Сиз бўла туриб,  Аллоҳ  уларни  азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган  ҳолларида  ҳам Аллоҳ  уларни азобловчи эмас”. (Анфол сураси, 33-оят).

Истиғфор буюрилган амаллардан экан, демак, унинг фойдалари ҳам борлиги, табиий. Мўътабар манбаларимизда истиғфорнинг қуйидаги фойдалари борлиги айтиб ўтилган:

  1.    Истиғфор сабабли гуноҳлар кечирилади.
  2.    Истиғфор сабабли Аллоҳ таоло барака ёмғирларини ёғдиради;
  3.    Истиғфор айтувчиларни авлод-зурриёт билан қувватлайди;
  4.    Истиғфор айтувчиларга боғу бўстонлар яратиб беради;
  5.    Истиғфор айтувчилар учун дарё ва анҳорлар оқизиб қўяди.

Шу ўринда “истиғфор” билан “тавба” ўртасида қандай фарқ борлиги ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлар эди.

واستغفروا ربكم ثم توبوا إليه

“Роббингиздан мағфират сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз!” (Ҳуд сураси, 90-оят)

Ушбу оятга асосланиб айтишимиз мумкинки, истиғфор тавбадан олдин юзага чиқади. Тавба эса уни тўлдириб келади. Демак, мўмин киши бирорта гуноҳ содир этиб қўйса, аввало Аллоҳ таолодан мағфират сўраши, У зотдан ўзининг гуноҳидан ўтишини ва жаҳаннам азобига гирифтор қилмаслигини сўраши керак. Ана шундан сўнг тавба қилиб олиши лозим.

Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Кўпинча истиғфор тавба билан зикр қилинади. Мазкур ҳолатда истиғфор тилда мағфират тилашни, тавба эса қалб ва тана аъзоларидан гуноҳни улоқтириб ташлашни ифода этади”

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мўмин киши ҳар доим истиғфорни тилидан қўймай юриши керак. Истиғфор айтишни ўзига одат қилиб олган киши ҳаётда учрайдиган турли муаммоларни осонгина енгиб ўтади. Аллоҳ бизга шундай имконият берган. Бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз.

 

Қодиров Омон “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси