Мотуридия таълимотида иймон
13

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашларига кўра, амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади: «Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…» (Бақара сураси 277-оят).
Лекин шуни билиш керакки, уламоларимиз амални имон шартларига киритишмаган бўлсаларда, имон тақозо қилган шариат ҳукмларига амал қилишни вожиб деб билганлар.
Қолаверса, аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра, агар бирор киши имон келтирса-ю, лекин амалларни тўлиқ бажармаса, у гуноҳкор мўмин ҳисобланади ва «аҳли қибла» дея эътироф этилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остида анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!…”(Таҳрим сураси 8-оят).
Ушбу оятда гуноҳ содир этган мўминларга “Эй, имон келтирганлар” дея мурожаат қилиниши гуноҳ қилиш билан киши кофир бўлмаслигига ёрқин далилдир.
Ў. Ғузаров, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
